Икки ўсмир бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди

0

16 январь соат 03:00 лар атрофида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида икки нафар ўсмир бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

 

Хабарга кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган Ё.Р. (2005 йилда туғилган) «Спарк» автоуловини ишонч қоғозисиз бошқариб кетаётганида Шоҳимардон кўчасида рул бошқарувини йўқотиб, машина йўл четидаги темир панжарага бориб урилган.

 

«Спарк» ҳайдовчиси Ё.Р. ҳамда шу машина йўловчиси А.Э. (2008 йилда туғилган) олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида оламдан ўтган.

 

Йўл-транспорт ҳодисасига «Спарк» катта тезликда кетаётгани боис ҳайдовчи рул бошқарувини йўқотгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

 

Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган.