Нималарни ўйлаб топмайди бу одамлар! 77 кг гиёҳвандлик воситасини картошка кўринишида яширган наркокурьерлар ушланди (видео)

0

Тошкент вилоятида опий ва гашишни картошка кўринишида яширган наркокурьерлар ушланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Маълум қилинишича, 13 январь куни Давлат божхона қўмитаси контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ва ДХХ тезкор гуруҳи Тошкент вилоятининг Тошкент туманида бир неча киши кетаётган Damas’ни кузатув остига олган.

Тошкент туманининг «Ҳасанбой» маҳалласига келганида Damas’га бир неча қоплар юкланаётганида тезкор гуруҳ томонидан тўхтатиб қолинган. Ушбу қоплар белгиланган тартибда текширилганида, ичида картошка кўринишига келтирилган 481 дона ўрамлар борлиги, улар очиб кўрилганида опий ва гашиш гиёҳвандлик воситалари яширилгани аниқланган.

Гиёҳвандлик воситаларининг оғирлиги ўрами билан ҳисоблаганда жами 77 килограмм 95 граммни ташкил этган. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олиши керак бўлган хорижий давлат фуқароси ҳам қўлга олинган.

Қайд этилишича, айни пайтда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳолатга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.