Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарилмоқда

0

Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфида Учувчисиз авиация мажмуаларини илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди. Мазкур Марказ томонидан халқаро техник талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган “ЛОЧИН” номли учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Мудофаа саноати давлат қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.

Икки ҳил мақсадда фойдаланишга мўлжалланган мазкур миллий лойиҳа Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўзлаштирилди ва йўлга қўйилди.

Марказ учувчисиз авиация мажмуаларини ишлаб чиқариш, йиғиш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун зарур йиғув жамланмалари, технологик ва махсус ускуналар, текшириш (тест лаборатория) мосламалари каби технологик жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Мудофаа саноати давлат қўмитаси томонидан Марказни ёш кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, етакчи хорижий давлатларда стажировкасини ташкил этиш ва малакасини ошириш йўли орқали учувчисиз авиация соҳасидаги мутахассис кадрлар билан бутлаш амалга оширилмоқда.

Миллий бренд остида ишлаб чиқилган самолёт ва квадрокоптер туридаги “ЛОЧИН” учувчисиз учиш аппарати бир қанча мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажариш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, нефт ва газ, ўрмон хўжалиги, темир йўллар, геология, қидирув соҳаларида картография, топогеодезия, экинларни дефолиация қилиш, қўриқхоналарни, йўлларни, ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳим обектларни кузатиб бориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятини беради.

Марказ томонидан стратегик даражада қўлланиладиган учувчисиз авиация мажмуаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда учувчисиз авиация соҳасини инновацион ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини шакллантириш йўналишларида истиқболли лойиҳалар олиб борилмоқда.