60 га кирган бўлсанг ҳам онанг тирик бўлса боласан!

0

Янги келин бўлиб тушган кезларимда саксон ёшдан ошган қайнона бувимиз касал бўлиб қолди. Айниқса, охирги уч кун оғир бўлди. Билинар-билинмас нафас оладилар. Охири томоқларидан сув ҳам ўтмай қолди. Қариндош-уруғлар йиғилиб, галма-галдан тепаларида ўтириб чиқишади. Кўпроқ қайнотамга зўр келди. У киши волидасининг тепасида юм-юм йиғларди. Юзини юзига қўйиб, онажон, берган сутингизга рози бўлинг, ожиз банда эканмиз, қўлимиздан ҳеч нарса келмаяпти, деб мўлтирар эди.

Тўртинчи кунга ўтар кечаси кампир секингина кўзини очди. Бунга атрофдагилар ғимиллаб қолди. Қайнотам онасининг қўлларини кафтларига олиб, силаб-сийпаб ўпиб қўйди. Кампир ўғлига, энгаш дегандек имо қилди. Ўғил, жон қулоғим сизда, деб энгашди:
— Болам, қорнинг оч эмасми? Булар сенга овқат бердими? Қорнингни оч қолдириб юрма тағин… — дея олди аранг. Бу онаизорнинг охирги сўзлари бўлди…