НАФС АҚЛДАН УСТУН КЕЛСА…

0

Уламоларнинг айтишича, Аллоҳ жонлиларни уч тоифада яратган: 1. Малаклар (фаришталар): Аллоҳ малакларга фақат ақл берган, доимо ҳою ҳавасга амал қиладиган нафс бермаган. Демак, малакларда гуноҳ қилишга мойиллик йўқ. 2. Ҳайвонлар: Аллоҳ ҳайвонларга биз тушунган маънода ақл бермаган, фақатгина нафс берган. 3. Инсонлар: Аллоҳ инсонларга ҳам ақл, ҳам нафс берган. Шундай бўлгач, инсон зоти учун энг катта хатар меъдадан ва ейиш-ичиш ҳирсидан келади. Одам Ато ва Момо Ҳаво меъданинг ҳирси туфайли жаннатдан қувилиб, хорлик ва йўқлик майдонига отилгандилар. Чунки Аллоҳ уларга мева ейишни тақиқлаганди. Кимнингки нафси ақлидан ғолиб келса ва шу нафсининг ҳавойи истакларига кўра ҳаёт кечирса, у ҳайвондан ҳам тубанроқ, яъни ҳайвонлар ундан яхшироқдирлар. Кимнингки ақли нафсидан ғолиб келса ва ҳаётини ахлоқ асослари доирасида ўтказса, у малаклардан ҳам устундир. Нафснинг ҳавойи истакларига бўйсунган одам, агар у ҳукмдор бўлса, қул аҳволига тушади. Нафснинг ҳавойи ҳавасларига қарши бориб, сабр қилган одам эса қул бўлса ҳукмдор бўлади.

Мақоламизни бежизга нафс ҳақида сўзлар билан бошламадик. Чунки бугунги ҳикоямиз «қаҳрамони» бўлмиш йигит ҳам ўз нафсининг қулига айланган инсонлардан биридир.

Бир неча йилдан буён пойтахтимизнинг Яккасарой тумани ДСИда ўлим катта инспектори лавозимида ишлаб, ўзига яраша ҳурмат ва эътибор топиб бораётган Сергей Антонович Борисов (мақоладаги исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) давлат органида хизмат қилувчи мансабдор шахс бўлгани ҳолда, ноқонуний даромад топиш мақсадида, эгаллаб турган лавозимига кўра, хизмат мажбуриятларига туман ДСИдан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлик тўғрисидаги қонунида белгиланган тартибда солиқ тўловчини банкрот деб топиш тўғрисидаги (даъво) ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ваколати берилганлигидан ғаразли мақсадда фойдаланиб, 2021 йил 3 июнь куни туман ДСИ биносига келган МЧЖ раҳбари Набижон Қодиржонович Валиев билан моддий манфаатга қаратилган суҳбатга киришиб, у томонидан корхонасида вужудга келган солиқ қарздорлигини йўқ қилиб бериш ва келгусида жамият раҳбари сифатида уни қайта овора қилмаслик эвазига ундан 8000000 сўм миқдорида пора беришни талаб қилган. Яккасарой тумани ДСИ бош инспектори С. Борисовнинг ҳаракатлари ноқонуний эканлигини англаган Н. Валиев бу ҳақда Тошкент шаҳар ДХХга ариза билан мурожаат этганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида С. Борисов туман ДСИ маъмурий биносининг 3-қаватидаги ўзига бириктирилган хизмат хонасида Н. Валиевдан пора тариқасида берилаётган 8000000 сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Судланувчи Сергей Антонович Борисов суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, 2021 йилнинг май ойи ўрталарида ишхонасига кейинчалик унга маълум бўлган Н. Валиев келиб, ўзини МЧЖ раҳбари сифатида таништириб, ўзи раҳбарлик қилиб келаётган жамиятни 2004 йилда очганлигини ва бугунги кунда жамиятнинг боқиманда қарздорлигини бартараф этишни ва жамиятни реестрдан чиқариш учун ёрдам беришни сўраганлигини, у ДСИдаги базадан кўрганида Н. Валиев раҳбарлик қилаётган жамиятнинг ўша кунда жами бўлиб 30 млн сўм қарздорлиги борлигини билганлигини, Н. Валиев ундан қандай қилиб ушбу қарздорликни бартараф қилишни ва жамиятни ёпиш учун қандай йўл тутишини сўраганлигини, шундан сўнг Валиевга ёрдам беришини, жамиятнинг қарздорлигини бартараф этиш, жамиятни тугатиш ва банкрот қилиб беришини айтиб, ушбу хизматига ҳақни кўнгилдан чиқариб беришини айтганлигини, Н. Валиев унга ушбу хизмат учун 8000000 сўм беришини айтганда рози бўлганлигини, МЧЖ раҳбари билан кейинчалик кўришишга келишганлигини, 2021 йил 3 июнь куни Н. Валиев унга қўнғироқ қилганида унга хизмат хонаси, яъни туман ДСИ маъмурий биносининг 3-қаватидаги хизмат хонасига келишини айтганлигини, тез орада Н. Валиев келиб, унга сафарга кетаётганлигини, бу ерда бир неча ой бўлмаслигини билдириб, столи устига пул ташлаганидан сўнг хизмат хонасидан чиқиб кетганлигини, у бу пулларни Н. Валиевнинг қарзига тўлаб юбормоқчи бўлганлигини, ҳозирги кунда қилмишидан пушаймондалигини, оилавий шароитини инобатга олиб, унга енгилроқ жазо тайинлашни сўраб кўрсатув бериб ўтди. Судланувчининг айби ўзининг айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳларнинг кўрсатувлари билан ўз тасдиғини топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги 7-сонли қарорининг 28-бандида судлар жазо тайинлашда, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва хусусиятини, содир этилган қилмишнинг сабабларини, келтирилган зарарнинг миқдори ва хусусияти, айбдорнинг шахси, унинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олишлари кераклиги ҳақида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги Қарорининг 1, 3-бандларида «Судларнинг эътибори жиноят учун жазо чорасини тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилларига қатъий амал қилишга қаратилиши, жазо адолатли бўлиши — ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги»лиги ҳақида амалий тушунтиришлар берилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 7-моддасида жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаслиги, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 8-моддасида жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги назарда тутилган.

Суд судланувчи С. Борисовга жазо тури ва муддатини белгилашда, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддаси талабларига риоя қилиб, юқоридаги кўрсатилган Пленум қарорларидаги раҳбарий тушунтиришлардан келиб чиқиб, судланувчининг ўз айбига қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, оилавий шароитини, бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, ЖКнинг 56-моддаси талабларига риоя қилиб, мазкур жиноятни ғаразли ва бошқа паст ниятларда содир этганини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, жиноятнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражасини, С. Борисовнинг шахсини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан мазкур модда санкциясида назарда тутилган озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди.

Суд ҳукмига кўра, Сергей Антонович Борисовга 1 (бир) йил муддатга мансабдорлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 2 (икки) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

С. Борисовнинг зиммасига ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг:

— назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойи, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик;

— Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби тақиқлар (чеклашлар) юклатилди.

Агар Сергей Борисовнинг нафси ақлидан устун келганида ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди. Шундай эмасми, азизлар?

Алишер ЖАЛИЛОВ, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг раиси