Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия – Украина муносабатлари ҳақида ўз мулоҳазасини билдирди

0

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги сценарий реалистик эмас деб ҳисоблашини маълум қилди. Бу ҳақда Daily Sabah хабар тарқатган.

«Мен Россиянинг Украинага ҳужум қилиши ҳақидаги сценарийни реал ҳаётга мос келади деб ҳисобламайман. Украина оддий мамлакат эмас, Украина кучли давлат. Бундан ташқари, Россия мазкур қадамни ташлашидан аввал бутун дунёдаги вазиятни таҳлил қилиши ва ўзи турган ҳолатни яхши ўрганиши зарур», – дейди у.

Эрдўғон мазкур масалани Россия президенти Владимир Путин билан муҳокама қилиши кераклигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил кузида Эрдўғон Украина ва Россия ўртасидаги низони ҳал этишда Туркия воситачилик қилишга ҳамда икки мамлакатга бу борада кўмак беришга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, 2022 йилда Туркия президентининг Украинага ташриф билан келиши кутилмоқда.

Мавзуга доир: Эрдўғон БМТда Қримнинг Россияга қўшиб олинишини тан олмаслигини билдирди
Аввалроқ Россиянинг Украинадан дипломатларини эвакуация қилмоқчилиги, Канада махсус кучларининг бир қисми Украинага жўнатилгани,  Канада ҳукумати «Россия тажовузкорлиги» сабаб ўз фуқароларини Украинага бормасликка чақиргани, АҚШнинг Украинага кўрсатган «махфий ҳарбий ёрдами» тафсилотлари ошкор бўлгани ҳақида хабарлар берилганди.