24 январдан ўқувчилар бир ой давомида “online” таълим олади

0

24 январдан бошлаб мактаблардаги таълим жараёни бир ой муддат давомида “онлайн” шаклда олиб борилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилмоқда.

Маълумотга кўра,  коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиш хавфини олдини олиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиқиб шундай қарорга келинган.

Қайд этилишича, масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари ҳамда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали бериб борилади. «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида бериладиган дарслар жадвали кунлик равишда шу телеграм канал орқали эълон қилиб борилади.

«Фурсатдан фойдаланиб, Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини уйдаги хавфсизлиги ва соғлигини таъминлаган ҳолда «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида эфирга узатиладиган дарсларни кузатиб боришларида амалий ёрдам беришларини сўрайди. Шу ўринда бугунги мураккаб вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўли бу вакцинация, шу боис сизлардан ўзингиз ва  яқинларингиз саломатлигини ҳимоя қилиш учун вакцинация жараёнларида фаол қатнашишингизни сўраб қоламиз»,-дейди ХТВ.