«Мойка» ходими ювиш учун қолдирилган Nexia’ни олиб қочди

0

Бухоро шаҳрида машина ювиш шохобчасидаги Nexia-3 автомобили ўғирлаб кетилди, дея хабар беради ИИВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 16 январь куни соат 07:00 ларда Бухоро вилояти ИИБ навбатчилик қисмига Бухоро шаҳар Фароғий кўчасида яшовчи фуқаро укасига тегишли Nexia машинаси автомобилларни ювиш шохобчасидан ўғирлаб кетилгани тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ Тергов гуруҳи воқеа жойида бўлиб, шохобчани кўздан кечирган. Тахминларга кўра, автомобилни олиб қочишда гумонланган шахс шохобча ишчиси бўлган.

Аниқланишича, гумонланувчи 2021—2022 йиллар давомида «Шерхон» МФЙда жойлашган «мойка»да вақтинча оғзаки келишув асосида ишлаб келган. 15 январь куни 23:30 ларда ўзига ювиш учун топширилган машинани миниб қочган.

«Ювиб бўлганимдан сўнг, машинани сўроқсиз ҳайдаб кетдим. Ортимдан қувишгани учун қўрқиб, чўлга кириб кетдим. Чўлда машина ўчиб қолди ва машинани қаровсиз қолдириб кетдим», — дейди гумонланувчи.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро О.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бундан аввал Бухорода маст фуқаро танишининг Spark автомобилини олиб қочгани, Андижонда олиб қочилган Spark иккита автомобилга бориб урилгани ҳамда Фарғонада собиқ куёв қайнонасининг машинасини олиб қочгани ҳақида хабар берилганди.