Тошкентда болани уриб, унга тан жароҳати етказган тарбиячи ишдан бўшатилди

0

Ижтимоий тармоқларда “Тошкентдаги Меҳрибонлик уйида тарбиячи болани уриб, тан жароҳати етказди” сарлавҳали хабар эълон қилинган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан тузилган ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борди. Ишчи гуруҳига бош бошқарма бошлиғи Яшин Султонов раҳбарлик қилди.  Бу ҳақда Тошкент шаҳар ХТББ Матбуот хизмати маълум қилди.

«Ўрганиш хулосасига кўра, хабарда эълон қилинган ҳолат ўз исботини топди. Ҳақиқатан, тарбиячи Б.А. 21-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси М.А.га нисбатан қўпол муомалада бўлган ва жисмоний куч ишлатгани аниқланди. Тарбиячи Б.А. билан ўрнатилган тартибда меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ўз вазифасидан озод қилинган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари амалга оширилмоқда» – дейилади хабарда.