Халқ таълими вазири Марҳамат туманида ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган ўқитувчилар билан учрашди

0

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ота-оналар олдида тик туриб кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабарлар ва ўқитувчиларнинг бош эгиб тургани акс этган сурат тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам “Ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз ундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро сизнинг олдингизда шарафли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда таъзимдамиз”, – дея фикр билдирди.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Марҳамат туманида ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган ўқитувчилар билан учрашиш мақсадида Андижон вилоятига борди.

Вазир ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг руҳиятини кўтарар экан, бугун уларнинг обрўси ва қадр-қиммати Давлатимиз сиёсати даражасидаги муҳим масала эканлиги ва уларни обрўсизлантиришга ҳеч ким ҳақли эмаслигини қайд этди ҳамда юз берган ҳолатни устоз шаънини ерга уриш деб баҳолади:

«Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ўқитувчиларни улуғлаш масаласини Давлат сиёсатининг энг юқори даражасига олиб чиқиб, ўқитувчи жамиятимизнинг энг ҳурматли инсони бўлиши эканлигини доимий равишда таъкидлаб келмоқда. Шундай экан , ўқитувчини ҳафа қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўқитувчи қадрланмаган юртнинг эртаси бўлмайди. Шундай экан, бугун ҳар биримиз, ҳаттоки ўқитувчиларнинг ўзи ҳам шаъни ва обрўсини ошириш учун ҳаракат қилиши зарур», — деди Бахтиёр Саидов ўқитувчилар билан учрашув чоғида.

Учрашув сўнгида ўқитувчиларнинг фикрларини тинглаган вазир улар билан маслаҳатлашган ҳолда мазкур ҳолатга йўл қўйган мутасаддиларга албатта чора кўрилиши алоҳида қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқ таълими вазирлиги Марҳамат туманидаги ҳолат юзасидан ўрганиш натижаларига қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборган.

darakchi.uz