Сурияда икки нафар ҳарбий ҳалок бўлди

0

Сурия шимолида «Жабҳат ан-Нусра» террорчилик гуруҳининг ҳужуми оқибатида икки нафар суриялик ҳарбий ҳалок бўлди, яна тўққиз нафари жароҳат олди. Бу ҳақда Россиянинг мамлакатдаги Низолашаётган томонларни яраштириш маркази раҳбари ўринбосари Олег Журавлёвга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Ўтган бир сутка ичида Идлибдаги деескалация зонасида тўққиз маротаба ўт очиш ҳолатлари қайд этилган: тўрттаси — Ҳалаб вилоятида, бештаси эса Идлиб вилоятида.

«Ҳалаб вилоятида снайпер ёрдамида ўқ узилиши оқибатида бир нафар суриялик ҳарбий хизматчи яраланди. Миномётлар орқали ўт очилиши оқибатида эса бир нафар суриялик ҳарбий ҳалок бўлди ва яна уч нафари жароҳат олди… Идлибда ҳукумат кучларининг позициясига снайперлар ёрдамида ўт очилиши натижасида икки нафар суриялик ҳарбий хизматчи яраланди. Миномётларда ўт очилиши оқибатида эса бир нафар суриялик ҳалок бўлди ва яна уч нафар ҳарбий жароҳат олди», — дейди Журавлёв брифингда.

Сурияда фуқаролар уруши 2011 йилдан бери давом этмоқда. 2017 йилда Москва ИШИД террорчилик ташкилоти яксон этилгани ва ўз бўлинмаларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш беришни бошлашини эълон қилган. Республиканинг алоҳида туманларида жангариларга қарши курашлар давом этмоқда.

Аввалроқ ИШИДнинг собиқ жангарилари сохта паспортлар ёрдамида Сурияни тарк этаётгани, Суриянинг АҚШ назорати остидаги ҳудудларида содир этилган терактлар оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани, Байден Суриядаги махсус амалиётда ИШИД етакчиси ўлдирилганини эълон қилгани тўғрисида хабар берилганди.