Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ)нинг билдиришича, ўтган ҳафтада дунё бўйлаб коронавирусга чалиниш ҳолатлари деярли бешдан бирга камайди: 7-13 февраль оралиғида 16 миллионга яқин янги ҳолат қайд этилган, бу бир ҳафта олдингига нисбатан 19 фоизга кам демакдир.
Дастлабки маълумотларга кўра, бутун пандемия бўйича инфекциянинг энг юқори чўққиси январь ойининг сўнгги ҳафтасида қайд этилган – 22 миллиондан ортиқ ҳолат. Февраль ойидан эътиборан эса пасайиш тенденцияси бошланди. Хусусан, ўтган ҳафтада Шарқий Осиё ва Океаниядан ташқари деярли барча ҳудудларда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сонининг камайиши қайд этилди.
Шу билан бирга, ЖССТ «омикрон»нинг юқумлироқ субварианти – ВА.2 коронавируси юқиши ҳолатлари ортганини маълум қилди. Таъкидлаланишича, умумий «омикрон» тўлқини пасайишига қарамай, ВА.2 тарқалиши давом этмоқда.