Янукович Зеленскийга мурожаат қилди

0

Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович Владимир Зеленскийни ҳар қандай ҳолатда ҳам қон тўкилишини тўхтатишга чақирди.

«Мен сизнинг «маслаҳатчиларингиз» кўплигини жуда яхши тушунаман, лекин шахсан сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам қон тўкилишини тўхтатишга ва тинчлик келишувига эришишга мажбурсиз. Украина, Донбасс ва Россияда сиздан кутилаётган нарса шу», – дейилади мурожаатда.

Янукович Украина халқи ва Киевнинг Ғарбдаги ҳамкорлари бундай қадам учун миннатдор бўлишини айтди.

«Мен Владимир Зеленскийга президентлик ва ҳатто бироз оталик билан мурожаат қилмоқчиман. Владимир Александрович, сиз ҳақиқий қаҳрамон бўлишни орзу қилгандирсиз! Лекин қаҳрамонлик кўзбўямачилик эмас, у охирги украиналикгача жанг қилиш эмас. У ўз-ўзидан инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш йўлида ўз ғурури ва амбициялари устидан ғалаба қозониш учун қурбонлик қилиш”, деди собиқ президент.

У ҳозир ўз ватанида содир бўлаётган воқеаларни алам билан қабул қилишини ва украиналиклар бошдан кечиришга мажбур бўлаётган азоб-уқубатларга чуқур ҳамдард эканини таъкидлади. Шу билан бирга, у «ҳар қандай фожиада ҳамон тўхтатиб туриш мумкин бўлган бир лаҳза бор»лигини таъкидлади.

«Биринчи кунингизданоқ сиз Украинадаги урушни тўхтатишга ваъда берган эдингиз ва шунинг учун ҳам бутун Украина сизни қўллаб-қувватлади. Сиз дунё президенти бўлишингиз мумкин эди, лекин афсуски, бу амалга ошмади», – деди Янукович.