Тошкент вилоятидаги уйда боқилаётган шер 3 ёшли болани бошидан тишлаб олгани айтилмоқда

0

Тошкент вилояти Тошкент туманида хонадонда боқилаётган шер 3 ёшли болага ҳужум қилди.

Маълум бўлишича, ҳодиса шу йил 7 апрель куни Баҳор маҳалласида содир бўлган. Аёл боласи билан ташқарига чиққанда қўшнисининг уйида боқилаётган шер 3 ёшли боласининг бошидан тишлаб, судраб кетган. Она жон жаҳти билан шерга ташланиб, фарзандини қутқариб қолган. Онанинг сўзларига кўра, боласининг боши шернинг оғзида бўлган ва атрофда бир инсон унинг тепа жағини ушлаган, ўзи эса паст чағини ушлаб, фарзандини қутқариб қолган.

Бола шифохонага олиб борилган ва барча керакли муолажалар қилинган. Айни вақтда Тошкент шаҳридаги 2-сонли болалар жарроҳлик клиник шифохонасида даволанаётган қизалоқнинг ҳаётига хавф соладиган нарсалар ўтиб кетгани айтилмоқда.

Тошкент тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимининг маълумотиг кўра, Африка шери вояга етмаган бола томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз боқиб келинмоқда. Ҳозирда шер ёввойи ҳайвонларни вақтинча сақлаб туриш марказига олиб келинган ва иш судга оширилган. Унинг қарорига кўра шер ҳайвонот боғига берилиши, ёки эгасига қайтарилиши ёки бўлмаса ўша марказда қолиши мумкин.