Apple ўз ўрнини Saudi Aramco’га бўшатиб берди

0

Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть ширкати Apple’ни ортда қолдириб, дунёнинг энг қиммат компаниясига айланди. Bloomberg агентлиги хабарига кўра, Саудия ширкатининг капиталлашуви 2,43 триллион доллардан ошган. АҚШ IT компанияси капитали эса 2,42 триллион долларни ташкил этмоқда.

Кейинги йилларда Saudi Aramco’нинг капиталлашуви 19 фоизга ўсган. Сармоялар бўйича эксперт Тим Гриски айни пайтда дунё бозорида энергетика ширкатлари учун қулай муҳит юзага келгани, маблағ мазкур соҳага оқиб келаётганини қайд этган.

COVID-19 пандемиясидан кейин дунё иқтисодиёти аста-секин оёққа тура бошлаган кезлар Саудия энергетика гиганти учун омадли келди. 2021 йили ширкатнинг соф фойдаси 110 миллиард долларга етди. Шу тариқа 2020 йилга қараганда ўсиш кўрсаткичи 124 фоизни ташкил этди.

Saudi Aramco президенти Амин Носир келгусидаги режаларни ҳам очиқлаган.

«Биз нефть қазиб олиш кўрсаткичини ошириш, газ ҳамда суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича дастуларни амалга татбиқ этишда давом этамиз», – дейди ширкат раҳбари.

Қайд этилишича, энергетика гиганти 2027 йилда кунлик нефть қазиб олиш кўрсаткичини 13 миллион баррелга етказади. 2021 йилда бу 9,2 миллион баррелни ташкил қилган. Газ етказиш ҳажми ҳам 50 фоизга оширилади.

Saudi Aramco (тўлиқ номи – Saudi Arabian Oil Company) Саудиянинг миллий нефть-газ компанияси бўлиб, 1933 йилда таъсис этилган. Дунё «қора олтин» захираларининг 12 фоизи, ишлаб чиқаришнинг 10 фоизи, экспортнинг 14 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади.

Ширкатнинг нафақат Саудия Арабистони, балки АҚШ, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, БАА, Буюк Британия, Нидерландия каби мамлакатларда ҳам йирик завод ва филиаллари мавжуд.  У дунёдаги йирик супертанкерлар флотига ҳам эгалик қилади.

Бир муддат аввал Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Саудиянинг бир қатор компаниялари қаторида Saudi Aramco мамлакатимиз энергетика ва кимё соҳасига сармоя киритишга қизиқиш билдираётганини маълум қилганди.