Дурдона Қурбонова санъатни тарк этмоқчи

0

Актриса Дурдона Қурбонова «Дарё» интернет-нашрига берган интервьюсида санъатни тарк этишини маълум қилди .

Актриса Дурдона Қурбонова суҳбат давомида санъатдан бутунлай кетиш фикрида эканлиги, ролларни эса «кимдир мажбуран, бўйнидан ушлаб ўйнатаётганидек» ижро этаётгани ҳақида гапириб берди.

Яқинда шахсий брендимни қонунийлаштириб олдик. Бу ишга бир йилча вақт кетди. Бир ишни бошлаганимдан сўнг, уни ярим йўлда, чала ташлаб кетишни ёмон кўраман. Шунинг учун бизнесдаги фаолиятимни етти эмас, етмиш маротаба ўлчаб бошлаяпман. Кейин мени актриса сифатида эмас, балки яхши бизнес-леди сифатида кўрасизлар. Санъатни тарк этяпман ёки қачондир тарк этаман. Чунки ростдан ҳам санъатдан кўнглим қолиб кетмоқда. Жуда ҳам кўнглим қолиб кетган. Санъатдаги одамлардан ҳам кўнглим қолиб кетган. Кинони ҳам «қўл тегди» қилиб, олишмоқда. Сифат умуман йўқ. Одамлар у фильмларни кўриб, бизга бўлган ҳурмати йўқолмоқда. Ҳар томонлама санъатдан кўнглим қолиб кетган.

Худди кимдир мажбурлаб, бўйнимдан ушлаб, «ўйна рол» деб мажбурлаётгандек юрибман. Ростдан шундай кайфиятдаман. Ичимда «санъатдан қачон кетаман, қачон кетаман» деган фикрлар жуда кўп бўлмоқда.

Яқинда ҳижобда тушган расмимни Instagram саҳифамга жойлаганимда кўпчилик «ярашибди сизга, қачон ҳижобга кирасиз?», дейишганида аниқ-тиниқ қилиб «санъатдан чиқиб кетаман, қачонки ҳақиқий муслима қиз бўлганимда», чунки ҳижобга киргандан сўнг ҳам санъат соҳасида бачкана роллар ўйнаб юришни хоҳламайман. Кейин ўзимни бизнесларимни қиламан.

Санъатдаги чўққи менга нима ҳам берарди. Одам катта бўлгани сайин, илмингиз ошгани сайин «сенга бу санъат нима беради, нимага керак, санъатдан охиратинг учун қандай фойда», деган саволларни ўзига бераркан. Фақатгина одамларнинг олдида шон-шуҳрат беради, холос.

Санъат сизга хиёнаткор бўлади. Ҳозир мухлисларим кўп. Қайсидир маънода энг рейтинги баланд актрисалардан бириман. Қачондир менинг ҳам даврим ўтади ва менинг мухлисларим бошқа актрисага мухлислик қилишади. Бу дегани — санъат сизга бевафо, хиёнатчи. Мен бевафо, хиёнатчи санъат учун умримни, ҳаётимни бериб нима қиламан.

Санъатда эришадиганимга эришдим. Бундан чўққиси менимча йўқ. Энг юқори чўққидаман. Бундан буёғига санъатда эмас, бошқа йўналишларда ҳам ривожланиб, чўққига чиқишни ният қиляпман.

Дурдона Қурбонова, актриса, хонанда, блогер
Маълумот учун, Дурдона Қурбонова 1998 йил, 2 июнь куни, Тошкент шаҳрида дунёга келган. Санъат коллежида ҳамда Ўзбекистон санъат ва маданият институтининг «Драматик театр ва кино актёрлиги» факультетида таҳсил олган. 50 га яқин фильм, сериалларда, 100 дан ортиқ клипларда бош ролларни ижро этган. Дурдона Қурбонова бугунги кунда актрисаликдан ташқари, хонандалик фаолияти билан ҳам шуғулланиб келмоқда.