Яхшилик қил, ҳатто юздан ошганда ҳам

0

Кеча ёнимиздаги масжиднинг олдида бир аёлга кўзим тушди.
У эҳсон қутисининг кичкина ёриғидан пул ташлашга уринар, аммо уддасидан чиқа олмас. Сабаби, қўллари қаттиқ титрарди. Ёрдамлашиб юборганимдан сўнг менга синиқ жилмайди ва четроққа чиқишимни илтимос қилди. Юрагида хозир кимгадир айтмаса бўлмайдиган дарди борлигини хис қилиб қулоқ тутдим.
-Ғалатироқ хотин экан, деб ўйлаятгандирсиз?- гап бошлади суҳбатдошим.
Аёл жавобимни кутмай, сумкасидан чиройли бир қизнинг суратини чиқарди.
-Бу Зулайхо,-деди овози бўғилиб, -юзига эътибор беринг нурли-а?
Дархақиқат қўхликкина қизнинг юзидан нур балқиб турарди.
-Ўзим Тошкентлик эмасман, -давом этди суратни жойига солган аёл, – Чимкетликмиз. Ўзбекистонга келин бўлиб тушганимга анча бўлди. Эрим жуда ақлли, тижорат билан шуғулланадилар. Бирин-кетин уч фарзандли бўлдик. Ўзимизга тинч, тўқ оиламиз….
Аёл қанчалик бахтиёр бўлмасин, бир нуқтага қараб қотиб қолган шахло кўзларида қандайдир мудхиш воқеанинг дахшати зохир эди.
—Шу йил баҳорда бозор айланиб юрган эдим, —давом этди у. Савдо қилаётган чиройликкина бир қиз кўзимга ўтдек кўринди. Танигач, қувончдан бақириб юборибман:
—Зулайхо!
Унинг опаси билан қалин дугона бўлиб, ўн йил бир синфда ўқиган эдик. Йилларни тез ўтишини қаранг. Уйларига дарс тайёрлагани борганимизда бешикда ётган қиз, улғайиб чехрасида опасининг қиёфаси акс этиб турарди.
У ҳам мени таниб хурсанд бўлиб, қучоқлаб олди. Анча вақтгача у ёғ, бу ёғдан гаплашиб турдик. Ота-онаси, дугонам, ўзимизникилар хақидаги саволларим билан бироз соғинчим босилгач, ўзи хақида оғиз очдим.
Зулайҳо Тошкентда алақайси олийгохда битирувчи босқич талабаси бўлиб, шанба-якшанба кунлари эса аёлларнинг рўмол ва шарфларини олиб сотар экан.
-Ишламасам бўлмайди Раъно опа. Бошқа давлат фуқороси бўлганим учун контрактим ҳам шунга яраша. Ўқишимгаку отам ва акаларим амаллаб тўлайди аммо ўзим ҳам қимирлаб турсам айбмаску, тўғрими?
-Тўғри,-дедим унинг харидорлар билан муомаласидан завқланиб,-Бинойидек эплаяпсан. Қандингни ур!
-Онамга ҳам бу ишим маъқул бўлди. Улар “Ўғрилик, ғарлик уят! Қолгани халолинг бўлсин қизим!” дейдилар.
Зулайхоларнинг онасини яхши билганим учун бунга шубҳам йўқ , отаси ҳам халол одам.
Унга манзилим ёзилган қоғоз ва телефон рақамимни берар эканман, якшанба куни уйимизга меҳмонга таклиф этдим.
У уч якшанбадан сўнг, кунларнинг бирида болаларимга совға саломлар кўтариб кириб келди. Шунчалик севинганимдан ўтирғизгани жой топа олмайман. Болаларимку “опача”лаб бири ширинлик солинган тақсимчаларни олиб келса, бири музлаткичдан яхна гўшт олиб кесади. Норин тайёрлаётган эдим. У ҳам енгини шимариб ишга унаб кетди. Гап гапга уланиб, бир пасда таом ҳам тайёр бўлди. Энг кичкинам Зулайҳонинг қўлидан тутиб, “мен экскурсоводман” деб уйларимизни кўрсатиб чиқди.
-Вой опажон буюрсин!-деди астойдил севинган қиз. –Эшитгандиму, аммо бунчалик чиройли уйда яшашингизни рости тасаввур ҳам қилмасдим. Ўн саккиз хонами?
Унинг соддалигидан кулиб юбордим. Кичкинамнинг айби! У девор –дармиён қўшниларнинг уйини ҳам бизники дейди. Саноқни яхши билмагани учун хоналар сонини ошириб айтаверади. Аслида, хоналар сони саккизта экани, кичик қайнимни уйласак, ҳаммамиз бирга яшашимиз учун ҳам қўшимча қурилишлар қилганимизни тушунтирдим.
Кечки еттиларда кириб келган турмуш ўртоғимга уч хафтадан буён таърифини келтираётган қизни таништирар эканман, “мана менинг қишлоғимдан қанақа ҳаракатчан, эпчил, оқила сингилчаларим бор” деб ғурурланиб ҳам қўйдим. Ҳаммамиз ўтириб мазза қилиб овқатландик .
Зулайхонинг хозирги турар жойи билан қизиққан қайнотамнинг чеҳраси тундлашди.
-Қизим,-деди у чўрт кесиб, – ўрисникида туришинг яхши эмас! Келиним хурмат қиладиган оила фарзанди экансан. Ана уйлар бўш ётибди. Эртагаёқ кўчиб келиб шу ерда яша. Раънопангга ҳам ёрдаминг тегади.
Зулайхо пича ўйланиб туриб, рози бўлди. Севинганимдан қайнотамга қанақа миннатдорчилик билдиришни билмайман. Уни қайтишига йўл қўймай, олиб қолдик.

Эрталаб машинамда у айтган манзилига йўл олдик. Уч-тўрт халтача чиққан нарсаларини олиб, уйимизнинг энг чиройли хонасига жойлаштирдим. Синфдош дугонамни кўриб тургандек айланиб –ўргиламан. Хуллас бемалол дарс қила олиши учун ҳамма шароитларни яратиб бердим.
Зулайхо бу эътибордан ўнғайсизланар ва яхшилигимизни қайтариш учун тиним билмасди. Ҳаммадан биринчи туриб, ховлиларни чинни-чироқ қилиб супургани майли, дарсдан қайтгач ҳам апил-тапил овқатланиб, уй ишларига ёрдамлашишга ошиқарди. “ Қўй, керакмас! Дарсингни қил. Ўзим қилавераман!” деганимга қарамай кулиб билганидан қолмасди. Тўртинчи фарзандимга оғироёқлигимни билиб қолган Зулайхо қўлимни совуқ сувга урдирмай қўйди. Бозордаги савдо-сотиғини ҳам йиғиштириб менга кўмаклашар, ҳар доимгидек оғир кечадиган хомиладорлигим у туфайли анча енгиллашган эди. Мен ёмон токсикоз бўламан. Энг тоза ёғнинг хиди ҳам чучмал туюлиб, ошхонага кира олмайман, унча-мунча нарса ёқмай ўқчийвераман.
Уч ой шу тахлит ўтди. Чаққонгина, қўли ҳам, тили ҳам ширин Зулайходан ҳамма хурсанд. Аввал хомиладорлигимда хизматкор олишга мажбур бўлардик. Бегонани ҳеч жиним суймай, тайёрлаган овқатларини ҳам таъбим тортмай ичардим. Синглимдай қадрдон бўлиб қолган Зулайхога эса бемалол ишонаман. Орада уч-тўрт марта касалхонада ҳам ётиб чиқдим. Мени кўргани келган болаларнинг уст-боши ораста, олиб келган таомлари мазали.
Июнда ўқиши тугаган бўлсада Зулайхо мени ўйлаб сентябр ойидагина хонадонимизни тарк этди. Хайрлашар эканмиз, эрим ва қайнота -қайнонам билан маслаҳатлашган холда тилла тақинчоқлар тўпламини совға қилдик. У хафа бўлиб, қўлимизни қайтарди. Мен мажбурлаб тақиб қўйиб “ Сарпангга бу синглим буюрсин!” деганимдан сўнгина ноилож қабулиб, ҳаммамизни дуо қилди. Еган ичганига розилик сўраб, қайта-қайта раҳмат айтди. Жуда яхши қиз эдида Зулайхо….Жудаям яхши.
Ҳикоясиининг шу ерига етганда аёл чуқур хўрсинди.
Хаёлимда, бировнинг ишончини суистимол қилиб эрига тегиб олган қизлар гавдаланди.
-Нима, у хозир ёмонми? Эрингиз билан юриб кетдими? Оилангиз бузилдими?
Аёллигимга бориб, миямга келган келган саволларни пайдар-пай берар эканман, ўз тахминларимни тўғри деб хисоблаб, баралла йиғлаб юборган суҳбатдошимга ачиниб кетдим.
-Қўйинг, хафа бўлманг опа! Худога солинг! Шунча яхшилигингизни билмабди. Илондай кириб олган эканда ўзиям?
-Йўқ,-деди елкалари силкиниб йиғлаб юборар экан,- Қани энди сиз айтгандек бўлса! Эримга тегиб олса, илонлик қилса ҳам майли эди.
Бу хотин жинними? Алмойи-жалмойи гапларидан соғ одамга ўхшамайди. Нима деяётганини ҳам билмайди чоғи? Бир оздан сўнг у сал ўзига келгач чуқур хўрсинди, узоқ бир нуқтага хиссиз тикилганча лаблари титради.
-Қани энди сиз айтганчалик бўлса! Зулайходай кундошим бўлса, жон дердим! Аммо у энди йўқ. Тушуняпсизми, йўқ?! Уни ўлдириб кетишибди. Бизникидан кетган куниёқ ўлдиришган экан. Тахмин қилаётгандирсиз нима учун?
Нахотки?
— Ха, уни ўша тилла тақинчоқ учун! Уни тунаб, бўғизлаб, сўнг анхорга ташлаб юборишибди…Кеча ўша аблахларнинг суди бўлди. Хали йигирмага ҳам кирмаган махлуқлар яхшигина оиланинг фарзандлари экан. Қилган жиноятларини эса сесканмай тан олишди… Одамлар нима учун бунчалик вахшийлашиб кетишган синглим? Аллақандай , икки пулга қиммат матохлар учун бир-бирини молдай сўяверади. Бечора Зулайхо, совғани бераётганимизда “ Опа ҳеч бунақа нарсаларни тақмаган эдим. Менга ярашмаса керак?” деб олгани унамаган эди. Мен ахмоқ эса унинг гапларини ҳижолатга йўйиб, ўзимча бир камбағал қизнинг хизматларини муносиб тақдирлаяпман” деб ўйлабман. Ундан кўра, ўзига ўхшаб, чиройли дуо қилиб қўймайманми? Бечора қиз ўша малъунларнинг эътиборига тушмас ва хозир ҳаёт бўлармиди?
Аёлга нима деб тасалли беришни билмадим. Шу улуғ кунларда Зулайхонинг руҳига Аллохдан махфират сўрашдан бошқа чорам ҳам йўқ эди…
Муаззам Иброҳимова
Бу воқеа 2012 йили бўлганди. Қоғозга ҳам ўша вақтда туширилган. Ўқиб бўлсангиз, Зулайхога ўхшаган жабрдийдалар хаққига дуо қилишни унутманг..

«Кечирасиз, машинангизни олиб қочдим. Оиламни қутқардим!» – Киевликдан жуда таъсирли ҳикоя…
Бомбардимондан сўнг ертўладандан чиқдим ва кўчада, дўкон ёнида турган машинага кўзим тушди. Ичида калитлари ҳам осилиб турарди. Икки соат давомида кузатдим, эгаси келмади. Мен оиламни олиб, машинага ўтирдим ва Винницадаги қариндошларникига йўл олдик. Бардачокда телефон рақам қолдирилган экан. Қўнғироқ қилдим:
– Кечиринг, машинангизни ўғирлаб кетдим. Оиламни қутқаришим керак эди.
– Худога шукур! Хавотир олманг, 4 та машинам бор. Мен оиламни жипимда олиб чиқиб кетдим. Қолган машиналарга ёқилғи қуйиб, уларни калитлари ва телефон рақамим билан бирга шаҳарнинг турли нуқталарида атайлаб қолдирдим. Барча машиналардан телефон қилишди.
Тинчлик бўлса, албатта кўришамиз!
Ўзингизни асранг!»
Бундай ҳикоялардан кейин қандай қилиб яхшиликка ишонмаслик керак?