Осиё кубоги 2023 баҳслари Хитойда ўтказилмаслиги маълум бўлди

0

ОФКнинг хабар беришича, Хитой футбол ассоциацияси билан олиб борилган кенг қамровли муҳокамалардан сўнг мамлакат 2023-йилги Осиё Кубогини мезбонлик қила олмаслиги ҳақида расман маълум қилинди.

Хитой 2019-йил 5 июнь куни Парижда бўлиб ўтган ОФКнинг навбатдан ташқари Конгрессида Осиё Кубоги 2023 мезбони этиб тайинланганди. 24 жамоа иштирокидаги мусобақа 2023-йилнинг 16 июндан 16 июлига қадар Хитойнинг 10 та шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган эди.

ОФК мазкур вазиятларга мамлакатдаги COVID-19 пандемияси сабаб бўлаётганлигини қайд этмоқда. Тайёргарлик жараёнида Хитой футбол ассоциацияси ва маҳаллий ташкилий қўмита билан яқиндан ҳамкорлик ишлари олиб борилди. Ҳатто бир қатор муҳим босқичларга эришилди, жумладан, турнир логотипи ишга туширилди ва ўтган йили Шанхай Пудонг футбол стадионининг очилишига эришилди.

ОФК Хитой футбол ассоциацияси ва маҳаллий ташкилий қўмита жамоавий манфаатларни кўзлаб, жуда қийин, аммо зарур қарорни қабул қилганини қадрлашини маълум қилмоқда. Шунингдек, 2023-йилги Осиё Кубоги мезбонлиги билан боғлиқ кейинги қадамлар ҳақида қўшимча маълумотлар яқин вақт ичида эълон қилиниши таъкидланган.