Хоразм вилоятида одамларга ҳужум қилган жиноий гуруҳ қўлга олинди

0
“Муштумзор бандитлар” қўлга олинди, деб хабар беради Хоразм вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Хоразм вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан жамиятда ўзини тутиш қоидаларига қасддан эътибор бермай, ўзгаларни калтаклаган жиноий гуруҳни қўлга олиш бўйича тезкор тадбир ташкил этилди.

Текширув давомида ушбу жиноий гуруҳ раҳбари муқаддам судланган Урганч шаҳрида яшовчи 1986-йилда туғилган шахс эканлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, ушбу гуруҳга вилоятнинг 1992 ва 1986 йилларда туғилган яна икки нафар фуқароси киритилган.

Ушбу жиноий гуруҳ ҳайдовчиларга асоссиз ҳужумлар уюштирган, уларни калтаклаган ва автомобилларга зарар етказган. Улар ўз жиноятларида пичоқ ва металл биталар ишлатиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг безорилик моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Улар 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Уларнинг шу каби бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.