Латвия 102 нафар Россия фуқаросини қора рўйхатга киритди

0

Латвия Ташқи ишлар вазирлиги 102 нафар Россия фуқаросини, асосан россиялик маданият арбобларини исталмаган шахс деб эълон қилиб, мамлакатга киришини номаълум муддатга тақиқлади.

Латвия дипломатик идорасининг 13 май, жума куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, янги қора рўйхатдаги шахслар Россия президенти Владимир Путиннинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаш тўғрисидаги қарорини фаол қўллаб-қувватлаган ва Россиянинг бу мамлакатдаги ҳаракатларини очиқ оқлаб келмоқда.

Бошқалар қаторида, рўйхатга актёрлар Николай Бурляев, Василий Ливанов, Владимир Гостюхин, Александр Панкратов-Черний, Борис Шчербаков, Борис Галкин, Игор Петренко, Александр Пашутин, қўшиқчи Татяна Петрова, актриса Анна Тихонова, рассом Михаил Полетаев, режиссёр Юрий Кара, қўшиқчи шоир Александр Шаганов, мусиқачи Константин Бубнов киритилди.

Март ойи охирида Латвия Ташқи ишлар вазирлиги номақбул шахслар рўйхатига Украинага бостириб киришни қўллаб-қувватлаган 25 нафар россиялик маданият арбоби, жумладан телебошловчилар ва журналистларни киритганди.

Улар орасида Мария Ситтел, Дмитрий Губерниев, Тина Канделаки, актёр Владимир Машков, мусиқачилар Николай Расторгуев ва Полина Гагарина, режиссёр Никита Михалков бор.

m24.ru