Ҳилол Насимов томонидан суратга олинга фильм Ҳиндистон халқаро кинофестивалида «Йилнинг энг яхши хорижий фильми» дея эътироф этилди

0

«Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига кўра 2021 йили режиссёр Ҳилол Насимов томонидан суратга олинган «Мерос» фильми апрель ойида Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида ўтказилган халқаро кинофестивалда «Йилнинг энг яхши хорижий фильми» номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Режиссёр Ҳилол Насимов халқаро кинофестивалнинг сертификати ва статуэткасини қўлга киритди. Бу ҳақда кинорежиссёр «Дарё» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Мазкур фестивалда энг яхши деб топилган фильмлар Golden Fox Award нуфузли халқаро мукофотини қўлга киритади. Фестивальнинг якуний тақдирлаш маросими 2023 йилнинг январь ойида Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрида бўлиб ўтади.

«Мерос» фильми яна иккита халқаро кинофестивалда иштирок этаяпти. Унинг номзоди 12—15 май кунлари Лимада (Перу) бўлиб ўтаётган Inca Imperal International Film Festival халқаро фестивалига қўйилган. Бундан ташқари, мазкур фильм Россия халқ артисти Николай Бурляев раислигида ўтказилаётган «Залотой витяз» халқаро кинофестивалига ҳам номзодлиги киритилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур фильмнинг суратга олиш ишлари 2020 йили бошланган. Ундаги воқеалар Ўзбекистон, Қозоғистон ва Беларусь давлатларида суратга олинган.

Фильмда ўзбек ва қозоқ халқларининг қадимий дўстлиги, урф-одат ва анъаналарининг уйғунлиги бадиий ифода этилган. Бундан ташқари, фильмда аллома, улуғ мутафаккир Аҳмад Яссавий ҳаёти ва ижоди ҳақида тарихий маълумотлар ҳам фильм ғоясига сингдирилган.

Мазкур картина режиссёри ва сценарий муаллифи Ҳилол Насимов, тасвирчи Хусан Алижонов, рассом Фазлиддин Турдиев, бастакор Дмитрий Янов-Яновский. Унда Рустам Каримов, Мунаввара Абдуллаева, Ғайрат Ҳусайинов, Бобур Айтбагамбетов, Фотиҳ Насимов, Ойсанам Юсупова каби актёрлар суратга тушган.