Жиззахда поезд фавқулодда тўхташга мажбур бўлди. Сабаби…

0

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 12 май куни қулоқчин тақиб олган фуқаро туфайли поезд фавқулодда тўхташ амалга оширди. Бу ҳақда Жиззах радиоканали хабар қилди.

Қайд этилишича, шу куни 11-сонли Бухоро—Тошкент йўналишидаги поезд Ғаллаорол—Маржонбулоқ темир йўл бекатлари оралиғида ҳаракатланиб келаётган бўлган. Шу пайт поезд машинисти темир йўл излари оралиғида қулоқчиндан фойдаланиб, чорва молларини боқиб юрган фуқарони кўриб, уриб юбормаслик мақсадида тўхтаган.

Суриштирувлар давомида ушбу фуқаро Ғаллаорол туманида яшовчи Ж.Қ. экани аниқланган. Унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган. Фуқарога темир йўл яқинида чорва молларини боқмасли, темир йўл изларига бегона жисмлар қўймаслик, темир йўлнинг белгиланмаган ерларидан ўтмаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.

Бундан олдин Тошкент—Хўжакент поезд йўлида ухлаб қолган маст фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолингани, Тошкент вилоятида «электричка» темир йўл рельслари орасида ётган маст эркакни туртиб юборгани, Хоразмда темир йўл рельси ёнида ухлаб қолган маст фуқаро сабаб Хива—Тошкент поезди 16 дақиқа тўхтаб қолгани, Самарқандда юк поезди қулоқчин таққан йигитни уриб кетмаслик учун фавқулодда тўхташни амалга оширгани, Самарқанд вилоятида поезд уриб кетиши оқибатида уч киши, жумладан, 8-синф ўқувчиси ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.