Туркия агентлиги Бухоро Аркидаги жоме масжидини таъмирлаш ишларига маблағ ажратади

0

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА) Бухоро Аркида жойлашган «Жомий» масжидини тиклаш ва таъмирлаш ишларига тахминан 4,5—5 миллиард сўм ажратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 2022 йил бошида Маданий мерос агентлиги директори Шаҳриёр Нуруллоев ТIКА раҳбари Жемалеттин Туней билан учрашиб, Фарғона вилояти Риштон туманида жойлашган Бурхониддин ал-Марғиноний мақбарасини реставрация қилиш, Бухоро шаҳридаги Арк қалъаси жоме масжидини таъмирлаш юзасидан ҳамкорлик олиб бориш бўйича келишувга эришган.

Келишувга асосан «Маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларининг мастер-режалари бўйича лойиҳалаштириш» институти мутахассислари 5 апрелда Бухоро вилоятида хизмат сафарида бўлиб, жоме масжидида ўлчов ишларини олиб борди. Яъни план, фасад, қирқим, девордаги ганч безаклари, шифтдаги нақш ишлари, устунлардаги ёғоч ўймакорлик ишлари ва уларга шикаст етган жойларидан нусхалар олинган.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати
Мутахассислар томонидан аниқланишича, масжиднинг шифтини тозалаш, балкаларда ёриқларни тузатиш ва зиён етган тўсинни алмаштириш лозим бўлади. Шунингдек, шимолий, шарқий ва жанубий тарафда жойлашган айвонларнинг шифтидаги конструкциялар, сарров, васса ва балкаларни чирк босган бўлиб, уларни қўл меҳнати билан тозалаш керак. Реставраторлар томонидан, шунингдек, айвонларни, устунларни тозалаш, ёриқларини тўлдириш ва шимолий фасаддаги иккита устунни янгидан ясаб ўрнатиш лозимлиги белгилаб олинган.

«Ўтган вақт давомида олиб борилган турли таъмирлаш ишлари натижасида масжиднинг тарихий аҳамиятга молик қисмларига зарар етказилган. Хусусан, масжид ҳамда айвон деворларидаги ганч ўймакорлик ишлари — дахана, рах, занжира, даврипойи, рута, китоба шарефа, равоқли безаклари усти бир неча маротаба ‘водоэмульсия’ қилинган бўлиб, айрим қисмлари ‘мелавая побелка’ билан бўялган. Натижада безаклар усти ёпилиб қолган ва реставрация давомида унинг тарихий аҳамиятини тиклаш зарурати юзага келган», — деб қайд этилган агенлик хабарида.

Режалаштирилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари давомида безаклар қайтадан тозаланиб, ўймакорлик ишлари бажарилиши ва аввалги ҳолатига келтириш керак.