1 июлдан аҳоли гепатит “В” ва “С” турларига скрининг текширувдан ўтказилади

0

1 июлдан бошлаб ҳар йили 1 миллион нафаргача аҳоли вирусли гепатит “В” ва “С” турларига скрининг текширувларидан ўтказилади. Бу президентнинг 16 майдаги “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

1 июлдан бошлаб ҳар йили полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача етказилади. Шунингдек, вирусли гепатит C тури билан касалланган беморлар 10,5 минг нафаргача даволанади.

1 сентябрдан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида назарда тутилган (фоҳишалик билан шуғулланиш) шахсларга нисбатан жавобгарликни белгилаш билан бирга гепатининг “В” ва “С” турларига скрининг текширувларидан ўтказиш тартиби жорий этилади. Текширув уларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилади.
1 июлдан нодавлат тиббиёт ташкилотлари қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган мутахассислар гепатит Б инфекциясига қарши эмланади. Ташкилот эмланиш жараёнини таъминлайди.

Эмланмаган ходимлар уларнинг асосий иш жойи бўлган тиббиёт ташкилотлари ҳисобидан эмланади. 1 январдан мазкур талаб тиббий фаолиятни лицензиялаш талаблари ва шартларидан бири ҳисобланади.

Эмланганлик ҳақидаги маълумотлар Реестр ишга тушгач киритиб борилади.

1 ноябрга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида “IT-Med” масъулияти чекланган жамияти жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестрини ишлаб чиқиади.

1 январга қадар реестрни юритишни қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлайдиган ходимларга эга бўлган даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларига жорий қилинади. Уларнинг ўзаро интеграцияси йўлга қўйилади.

Даволаш-профилактика муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида юқумли касалликларга, шу жумладан, сурункали вирусли гепатитларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш стандартлари такомиллаштирилади ҳамда уларга риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилади.