Оммавий қабулда маҳалланинг 70 йиллик муаммоси ҳал бўлди (фото)

0

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Андижон шаҳри, Асака ва Булоқбоши туманларидаги оммавий қабуллари амалий ишларга бой бўлди. Мулоқотлар давомида 20 дан зиёд вазирлик ва идоралар раҳбарлари мурожаатчилар билан юзма-юз ўтириб, ҳар бир масалани ҳудудий масъуллар билан бирга муҳокама қилди. Муаммоларни ҳал қилиш учун бор куч-имконият ишга солинди.


Мисол учун, Асака тумани “Файз” маҳалласига аҳоли кўчиб чиққанига салкам 70 йил бўляпти. Аммо шунча пайтдан бери улар ичимлик сувини қўшни маҳалладан ташиб ичишган. Қабулда Президент Халқ қабулхонаси вакилларига йўлланган мурожаат боис бугун “Файз” маҳалласига файз кирмоқда: 2,7 километр сув тармоғи тортилиши билан маҳалланинг 70 йиллик муаммоси ҳал қилинмоқда.
Булоқбоши туманидан келган Одинахон Солиева янги сув қудуғи қазиб бериш юзасидан мурожаат қилди. Ушбу хайрли ташаббус натижасида тумандаги “Зарғалдоқ” МФЙ Новвоқ кўчасида истиқомат қилувчи 165 та хонадон яшнаб кетди. 25 йилдан бери қўшни маҳалладан ичимлик суви ташиб келадиган аҳолининг мушкули ариди.
Худди шундай мурожаат асосида Андижон туманининг “Беш бўйноқ” маҳалласида ҳам 3 километр ичимлик суви тармоғи тортилмоқда. Бу билан “Беш бўйноқ”даги 210 та хонадонга обиҳаёт кириб боради.


Олтинкўл тумани “Акрамобод”, “Ўртақайчи” маҳаллалари аҳолиси эса томорқаларидан кўнгилдагидек ҳосил олишолмаётган эди. Сабаби сизот сувлари сатҳи кўтарилган, шўрланиш даражаси ошган эди. Мурожаатлар асосида 1,5 километр зовур тозаланиши билан ерости сувлари сатҳи 2 метргача пасаяди.
Худди шундай муаммо Олтинкўлнинг бошқа ҳудудлари аҳолисини ҳам томорқасидан самарали фойдаланишига халал бериб келаётган эди. Аҳоли мурожаатларидан сўнг бу тизимли муаммо таҳлил қилиниб, тумандаги 97 километр ариқ-зовурлар қазилиб, 1 минг 700 гектар экин майдонининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишлари бошлаб юборилди.


Саидакбар Зокиров эса Андижон шаҳрида мавсумий иш билан шуғулланишини айтиб, 5 нафар фарзандни вояга етказиш-у рўзғорини бутлаш учун катта магистрал ёқасидаги бекатда савдо дўкони ташкил этишда ёрдам сўради. Масъуллар бу масалада Саидакбар акага амалий кўмак кўрсатадиган бўлди. Шу билан бирга, бу инсон Автомобиль йўллари қўмитасининг вилоят бошқармаси тизимига ишчиликка қабул қилинди.
Шу сингари мурожаатлардан сўнг субсидия асосида бўстонлик 34 ёшли Мавсума Рўзиматова каби бир қатор хотин-қизларга замонавий тикув машиналари топширилган бўлса, Бўстонлик Оминахон Жалолова ва улуғнорлик Шаҳнозахон Дўстматова хонадонларига ихчам иссиқхоналар қуриб берилди.


Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асносида ҳам қатор мурожаатчилар бандлиги таъминланди. Айтайлик, Олтинкўл туманидаги мактабгача таълим тизимида ишлаган Матлуба Қўчқорбоева бола парвариши таътилидан сўнг иш жойига тикланмай сарсон юрган экан. Гарчи бу орада мактабгача таълим тизими бўйича касб-ҳунар коллежини ҳам битирган бўлса-да, шунда ҳам болалар боғчасига ишга олинмаган экан. Бош прокуратура масъулларига мурожаатидан сўнг бу аёл Олтинкўл туманидаги 21-давлат мактабгача таълим ташкилотида иш бошлайдиган бўлди. Худди шундай мурожаат асосида Бухажал Ҳамдамова Олтинкўл туманидаги 5-мактабгача таълим ташкилотига ишга қабул қилинди. Шаҳрихонлик Муҳаббатхон Ҳошимова эса туман бандликка кўмаклашиш маркази инспектори вазифасида иш бошлади.


Ички ишлар вазирлиги масъуллари тизимга ишга кириш истагидаги 5 нафар номзод билан шу ерда мулоқот қилгач, улар мазкур соҳада иш бошлади. Яна бир номзодга эса бўлиб ўтадиган танловларда иштирок этиш учун рухсат берилди. Мисол учун Дурбек Жўраев жамоатчилик асосида Андижон шаҳар “Жумабозор” маҳалла фуқаролар йиғинида профилактика инспектори ёрдамчиси сифатида ишлаб келаётганди. Энди у Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходими бўлди.

Бўстонлик Моҳларой Акромова Андижон давлат тиббиёт институти фармакалогия йўналишининг 3-босқичида таҳсил олади. Оилавий шароити эса унга тўлов шартнома пулларини тўлашга монелик қилмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъулларидан шу масалада амалий ёрдам сўрагач, талаба қизнинг контракт суммаси институт томонидан амалга ошириб бериладиган бўлди. Андижон давлат университетининг талабалари бўлган Феруза Раҳмонова ҳамда Саидамирхон Нўмонхўжаевларга ҳам институт томонидан шартнома пуллари тўлаб берилди. Булоқбошида ўтказилган қабулда 4 нафар талабага ана шундай тўловлар амалга оширилди.


Бўстонлик Раънохон Абдураҳимова ва избосканлик Омадхон Содиқова Кадастр агентлиги масъулларидан уй-жойларини кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам сўрашди. Икки мурожаат асосида уларнинг ҳовлилари белгиланган тартибда расмийлаштириб берилди.


Андижонлик Муқаддас Рўзиева онасининг онкологик хасталигини даволашда амалий ёрдам сўрагач, ижтимоий ҳимояга муҳтож бу аёлга бепул жарроҳлик амалиётини ўташ ва даволаниш учун ордер ажратилди.
Суд-ҳуқуқ тизимига оид қатор масалалар ҳам шу ерда ҳал қилинди. Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича туман-шаҳар судлари ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 14 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди.


Андижон шаҳридан Равшанбек Мирзақосимов тўрт йил аввал ҳовлисини бир танишига 40 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлади, унга ишониб, пулнинг бир қисмини олади-ю ҳовлини танишга хатлаб беради. Бироқ таниш дегани ҳовлини олволгач, нотанишга айланади. Алдагани камдек пулни қайтармаслик учун унга тазийқ ҳам ўтказади. Ички ишлар вазирлиги масъулларига мурожаатдан сўнг дастлаб Равшанбекка ҳимоя ордери берилди. Шу куннинг ўзида қарздордан маблағи ҳам ундириб берилди.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг оммавий қабулларида 1533 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 694 таси жойида ҳал қилинди. 170 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 566 та мурожаатни ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.