Ражаб Тоййиб Эрдўғон: «Туркия Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришини маъқулламайди»

0

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатнинг Швеция ҳамда Финляндия НАТО аъзолигига қабул қилиниши юзасидан ташаббусларни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди, деб ёзмоқда Daryo.uz нашри.

Эрдўғон ушбу икки мамлакатнинг «террорчиликка нисбатан аниқ позицияга эга эмаслигини» таъкидлаган.

Туркия президенти Швеция ва Финляндия ТИВ раҳбарлари мамлакатга келиб альянсга қўшилиш бўйича сўровни маъқуллаш учун уринмасликни қўшимча қилган. Аввалроқ икки давлат дипломатлари Анқарага келиб, Туркия томони билан НАТОга кириш учун сўров масаласини муҳокама қилмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Швеция ва Финляндия май ўртасида НАТО аъзолигига кириш учун расман сўров юбормоқчилигин эълон қилган. Уларнинг аввалги бетарафлик сиёсатидан воз кечишига, расмий маълумотларга кўра, Россиянинг Украинага қарши уруш бошлагани туртки берган.

НАТО аъзолигига муайян иштирокчининг қабул қилиниши учун альянснинг барча вакиллари унинг сўровини қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Туркия бу ишни қилмаслигини билдирган, шунингдек Швеция ҳамда Финляндияни Анқара террористик ташкилот деб ҳисоблайдиган курд жангари гуруҳларига ёрдам берганликда, мамлакатга қурол-яроғ сотилишига нисбатан тақиқлар қўйганликда айблаган.