Туркия ҳудудида истиқомат қилувчи ўзбекистонликлар учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

0

Жорий йилнинг 14 май куни Туркия ҳудудида истиқомат қиладиган ватандошларимизнинг мурожаатларини қабул қилиш, муаммоларни ўрганиш асносида биргаликда ҳал этиш, таклиф ва эътирозларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

Тадбирда консулхона дипломатларидан ташқари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) – Феруза Эшматова, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вакиллари, Туркиядаги ўзбек диаспорал ташкилотлар, хусусан, “Ўзбек хотин-қизларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Ўзбекистон маданияти ва бирдамлик”, “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси” жамиятлари вакиллари ҳамда ўзбекистонлик тадбиркорлар фаол иштирок этдилар.

Қабул давомида 150 нафардан ортиқ ватандошларимиз мурожаат қилишди. Бундан ташқари, онлайн эфир давомида – 39 та, ваколатхонага келган ватандошларимиз томонидан 90 дан ортиқ консуллик-ҳуқуқий характердаги ва миграция масалаларига оид мурожаат, муаммо ва таклифлар қабул қилингани ҳолда уларнинг ечими бўйича манзилли кўмак кўрсатилди.

Шу билан бирга, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова Омбудсман институти Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб ташкил этилиб, 1995 йилдан буён фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, уларни таҳлил қилиш, ўрганиш ва бунинг асосида мамлакат қонунчилигига таклиф ва ўзгартишлар берилаётганлиги тўғрисидаги батафсил маълумотларни ўртоқлашди.

“Очиқ эшиклар куни” тадбирида Бош консул Амирсаид Аъзамхўжаев Туркияда ўзбек фуқароларининг қонуний рўйхатдан ўтиш тартиби, бу борада кузатилаётган муаммолар ҳақида тўхталди. Шу билан бирга, сўнгги пайтларда маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан мазкур давлатда ноқонуний бўлиб турган хорижий фуқароларга нисбатан фаол “тозалаш” тадбирлари олиб борилаётганлиги, ушланган мигрантларни депортация марказларига олиб бориб мамлакатдан чиқариб юбориш амалиёти кенг тус олганлиги туфайли фуқароларга ўз ҳужжатларини олиб юриш ва қонунчиликни бузмаслик борасидаги тавсияларни берди.

Консулхона ходимлари томонидан ватандошларимизнинг паспорт билан боғлиқ муаммоларига алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш, ҳужжатларни тасдиқлаш, талаб қилиш, доимий ва вақтинчалик консуллик рўйхатига қўйиш, нотариал ва бошқа консуллик ҳаракатлари бўйича саволларга батафсил жавоблар берилди.

Талаба ва ўқувчилар билан ўтказилган мулоқот ниҳоясида яқин келажакда ташкил этиладиган тадбирлар юзасидан келишиб олинди.

Келиб тушган мурожаат ва таклифлар ўрганилиб, Бош консулхона томонидан “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини мунтазам равишда ўтказиш режалаштирилмоқда.