Болливуд юлдузлари Амитабҳ Баччаннинг невараси Агастя Нанда, Шоҳрух Хоннинг қизи Суҳана Хон ва Шридевининг қизлари бир фильмда суратга тушишмоқда (видео)

0

Болливуд афсоналарининг уч авлоди бирданига битта фильмда дебют қилишини биласизми? Шоҳруҳ Хон ва Шридевининг қизлари Суҳана Хон ва Хуши Капур ҳамда Амитабҳ Баччаннинг набираси Агастя Нанда режиссёр Зоя Ахтарнинг «The Archies» фильмида илк бор суратга тушади. Унда Миҳир Ахужа, Дот, Ювраж Менда ва Веданг Райна ҳам иштирок этади, деб ёзади Bollywoodtime.

Фильмда Суҳана Вероникани, Хуши — Бетти ролини, Агастя Нанда эса Арчи ролини ижро этади. Ижтимоий тармоқларда кинонинг илк постери билан бир қаторда тизери ҳам пайдо бўлди.

Агастянинг бобоси, актёр Амитабҳ Баччан ўзининг Instagram’даги саҳифасида картина постерини баҳам кўрди ва шундай ёзди: «Яна бир ўғлимнинг юксалиши (дебют дейиш мумкин). Менинг набирам. Барча дуоларим сенга, Агастя. Сени яхши кўраман». Актёр ўғил сўзини «Яна бир ўғил улғайди. Менинг набирам» дея алоҳида таъкидлади. Сабаби Абҳишекдан кейин Баччаннинг яна бир авлоди Агастя актёрлик эстафетасини ўз зиммасига олди.

«The Archies» фильмини суратга олиш ишлари 2022 йилнинг апрель ойида бошланган. Зоя Ахтар ўзининг балоғат ёшдагилар ҳақидаги мусиқий драмасини 2021 йилнинг ноябрь ойида эълон қилганди. Фильм воқеалари 1960 йилларда содир бўлади. Бу машҳур Арчи комиксларининг экранлаштирилган варианти бўлиб, унга Зоя Ахтар ва Рима Кагти продюсерлик қилади. «The Archies» картинаси 2023 йилда Netflix’да узатилиши режалаштирилган.