КХДР Жо Байденнинг Японияга ташрифи чоғида ядро синовларини ўтказиши мумкин

0

АҚШ разведкаси президент Жо Байденнинг Жанубий Корея ёки Японияга бўлғуси ташрифи чоғида КХДР томонидан ядровий ёки ракета синовлари ўтказилиши ҳақида огоҳлантирди, деб ёзади «РБК». Бу ҳақда АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.

«Разведка маълумотларимиз президентнинг минтақага ташрифи чоғида ёки бўлмаса, ундан олдин ё кейин ракета синовлари, шу жумладан, узоқ масофали ракеталар синови ёки ядровий синовлар, ёки, очиғини айтганда, униси ҳам, буниси ҳам амалга оширилишининг реал эҳтимолини кўрсатмоқда», — деди Салливан ва Вашингтонда барча кутилмаган ҳолатларга тайёрланишаётганини таъкидлади.

АҚШ ушбу масала бўйича ўз хатти-ҳаракатларини Жанубий Корея ва Япония билан яқиндан мувофиқлаштирмоқда, деди Салливан, шунингдек, у хитойлик ҳамкасби Ян Сзеч билан телефон суҳбатида воқеалар ривожининг бундай эҳтимолидан хабардор қилганини айтди.

Айни вақтда Жанубий Корея КХДР янги ядро синовларига тайёрланаётганини маълум қилди. Сеул разведка агентлиги маълумотларига кўра, КХДР еттинчи ядровий синовга тайёргарликни якунламоқда ва уни ўтказиш вақтини белгиламоқда.

Сеул тахмин қилишича, Шимолий Корея «мамлакатдаги кучли COVID-19 эпидемиясига қарамасдан» синовларни ўтказади ва КХДР АҚШ президенти Жо Байденнинг Сеулга ташрифига бағишланган провокацияни тайёрлаши мумкин.

Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер Байден Жанубий Кореяга ташрифи чоғида Шимолий Корея билан чегарадаги Қуролсизлантирилган зонага бормаслигини маълум қилганди.

Байденнинг Япония ва Жанубий Кореяга ишчи ташрифи 20—24 май кунлари бўлиб ўтади. Жанубий Кореяда Америка президенти мамлакатнинг яқинда сайланган президенти Юн Сок Ёл билан учрашади. Токиода эса у Япония бош вазири Фумио Кисида билан музокаралар ўтказади, шунингдек, Quad (Хавфсизлик бўйича тўрт томонлама мулоқот) доирасида Япония, Австралия ва Ҳиндистон вакиллари билан учрашади.