Сохта муваффақиятшунослик бизнеси ёхуд тренинг ортидан миллион

0

Ижтимоий тармоқларда бизнеснинг фалонта сирлари ёки бойларча фикрлашга бағишланган курслар рекламалари борган сари кўпайиб боряпти. Кузатишларимизга кўра, кўплаб ҳолатларда одамларнинг ишончига кириб, уларга омадли бўлишни ўргатиш учун равон нутқ соҳиби бўлиш, костюм кийиш ва муваффақият ҳақида иккита китоб-у учта видео билан танишиб чиқиш кифоя қиляпти.

Шуниси аҳамиятлики, бундай курслардан интернетда тарқалаётган кўплаб парчалар “тренер”ларнинг савиясини бир қарашда яққол кўрсатиб бераётгандек туюлса-да, бу билан тингловчилар аудиторияси камайиб қолмаяпти.

Бу эса осон ва тез муваффақиятга эришиш орзусидаги кўплаб ёшлар учун фактларга асосланган, эффектив ва ёшларбоп суриштирувга зарурат борлигини кўрсатади, назаримизда. SUBYEKTIV’нинг янги сони ана шу информацион бўшлиқни тўлдириш истагидан туғилди.

Таъкидлашни истардикки, ўз устида ишлашга интилиш – ижобий ва олқишга сазовор хислат, лекин ҳеч битта курс ёки мотивацион манба қисқа вақтда инсонни соғлом, бой ва омадли қилиб қўймайди, буни ваъда қилаётганларнинг эса аввало ўз ютуқларини кўздан кечириш фойдадан холи бўлмайди.

Филм орқали барча бизнес-тренерларни бирдек қоралашдан йироқмиз. Ким ҳақида гапираётганимиз эса кундек равшан. Ва албатта, фикрлар субъектив, хулоса ҳар кимнинг ўзидан.

Жамшидхон Зиёхонов,
муаллиф