Туркия Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши бўйича музокараларни блоклаб қўйди

0

Туркия ҳукумати Финляндия ва Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги музокаралар бошланишига тўсиқ қўйиб қўйди. Бу ҳақда DPA агентлиги ва Financial Times газеталари ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Нашрлар ҳамсуҳбатларига кўра, 18 май куни НАТОда Финляндия ва Швеция элчилари томонидан берилган ушбу мамлакатларни альянс аъзолигига қабул қилиш ҳақидаги аризаларни муҳокама қилиш режалаштирилган эди. Аммо Анқаранинг позиция туфайли музокаралар бошланмаган. Туркия томони ҳозир уларни бошлашни маъқуллай олмаслигини очиқ-ойдин маълум қилган.

Аввалроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс Финляндия ва Швециянинг аризаларини бир-икки ҳафта ичида, кўриб чиқишнинг биринчи босқичида маъқуллаши мумкинлигини айтганди. Аммо кечикиш ушбу имкониятни шубҳа остига қўяди.

Кейинроқ Хорватия президенти Зоран Миланович республиканинг НАТО ҳузуридаги элчиси Марио Нобилога хат юбориб, Босния ва Герцеговинада сайлов қонунчилиги ўзгартирилмас экан, Финляндия ва Швециянинг альянсга қўшилишига қарши овоз беришни тайинлашини маълум қилди.

АҚШ Конгресси эса Туркияга ушбу хатти-ҳаракатлари туфайли F-16 етказиб беришдан бош тортиш билан таҳдид қилди. Туркиянинг Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилишига тўсқинлик қилиши унинг иттифоқчи сифатида ишончлилиги масаласида АҚШнинг хавотирларини оширади, бу эса Анқарага F-16 қирувчиларини етказиб бериш ҳақидаги қарорга таъсир қилиши мумкин, деди Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитаси раиси Роберт Менендес.

Иккала мамлакат ҳам Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида бетарафлик мақомидан воз кечиб, ҳарбий альянсга қўшилишга қарор қилди.

17 май куни Швециянинг НАТОга кириш ҳақидаги аризасини мамлакат ташқи ишлар вазири Анн Линде имзолади. Шу куниёқ Финляндия парламенти альянсга қўшилиш ҳақидаги қарорни 188 та розилик ва саккизта қаршилик овози билан маъқуллади.

Аризалар НАТО кенгаши томонидан кўриб чиқилади, шундан кейин Швеция ва Финляндиянинг альянсга аъзо бўлиши ҳақидаги битим унга аъзо 30 та давлат томонидан ратификация қилиниши керак бўлади.

Туркия ҳукумати Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилишига розилик бериш учун ўз шартларини эълон қилди. Хусусан, икки мамлакат Курдистон ишчилар партиясини ва унга алоқадор тузилмаларни террорчилик ташкилоти деб тан олишини талаб қилмоқда. Шунингдек, Туркия F-16 қирувчи самолётларининг янги партиясини қўлга киритишга ҳамда яна F-35 қирувчиларини етказиб бериш дастурига киришга умид қилмоқда.