Буғдой ўрнига қум

0

Андижон вилояти Улуғнор туманида буғдой ўрнига қум сотган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Қайд этилишича, 28 апрель куни соат 19:30 ларда фуқаролар Х.Ш., О.Х., М.О. ҳамда Х.Ш.лар ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Telegram мессенжери орқали Қашқадарё вилоятида яшовчи Ғ.С.нинг ишончига киришиб унга буғдой сотиш билан шуғулланишини айтган. Улар буғдойнинг ҳар бир килограммини 4 330 сўмдан сотишга келишган.

Шундан сўнг ушбу шахслар Ғ.С.нинг Қашқадарё вилоятидан юборган юк машинаси ҳайдовчиси С.М.ни Улуғнор тумани ўрамидан ўтган Балиқчи—Улуғнор транспорт қатнов йўлида кутиб олган. Ҳайдовчини ифторлик қилиб келишини айтган ҳолда чалғитиб олиб кетган. Ҳайдовчи қолдирган юк автомобилига буғдой ўрнига 8 тонна миқдоридаги қум маҳсулотини ортиб, С.М.дан 38 миллион 500 минг сўм пул маблағларини олган ҳамда мазкур пулларни ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик) жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.