Илон Маск «чув» тушди

0

Twitter ижтимоий тармоғида ўртача статистик фойдаланувчиларга тегишли аккаунтларнинг 19,42 фоизи бот бўлиб чиқди, машҳурларда бу кўрсаткич 50 фоизгача етиши мумкин, яъни обуначиларининг ярми — жонли одамлар эмас, балки ботлар.

SparkToro дастурий таъминот компанияси тадқиқотчилари шу тариқа Илон Маскнинг гумонини тасдиқлашди — Twitter ижтимоий тармоғида фейк аккаунтлар ҳаддан зиёд кўп.

SparkToro маълумотларига кўра, масалан, АҚШ президенти Жо Байденнинг ижтимоий тармоқдаги обуначиларининг 49,3 фоизи — сохта аккаунтлар. Ботларни тадқиқотчилар одам ўзи мунтазам твитлар контентини яратмайдиган, ўз янгиликлар тасмасини кўрмайдиган, умуман, Twitter экотизими билан қандайдир алоқага эга бўлмаган аккаунтлар сифатида таснифлашди.

SparkToro блогида ушбу тадқиқот натижалари эълон қилиниши Twitter раҳбарияти учун бемаврид паллага тўғри келди. Чунки ижтимоий тармоқ раҳбарияти Маск билан келишув пайтида ботларнинг улуши 5 фоиздан ошмаслигига ишонтиришганди. Бу эса Маскга ижтимоий тармоқни сотиб олиш мажбуриятини юкларди.

«Фейк ва спам аккаунтлар 20 фоизни ташкил этиши ҳақида маълумот олдим, бу Twitter тасдиқлаганидан тўрт баравар кўп. Балки бундан ҳам кўпдир. Менинг биринчи таклифим Twitter АҚШ қимматбаҳо қоғозлар комиссиясига тақдим этган маълумотлар тўғрилигига асосланган эди. Агравал маълумотларни очиқламас экан, битим тузилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас» — деб ёзганди Маск Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

16 май куни Агравал ижтимоий тармоқдаги фейк (сохта) аккаунтлар 5 фоиздан камлигини исботловчи далилларни тақдим этишдан бош тортганидан сўнг, тадбиркор компания раҳбарига ана шундай оммавий ултиматум қўйганди.

Twitter аккаунтларининг 20 фоизи ботлардан иборатлиги узил-кесил исботини топса, Илон Маск катта эҳтимол билан ижтимоий тармоқни сотиб олиш ниятидан қайтади.