Тез тиббий ёрдам сифати янада оширилади

0

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев Қашқадарё вилоятида хизмат сафарида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизматини такомиллаштириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси бўйича ўрганиш олиб борди.

Сенатор, жумладан, бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида бўлди. Муассасада тиббиёт соҳасини халққа янада яқинлаштириш мақсадида олиб борилаётган ишлар билан танишди, жойлардаги тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати муассасалари фаолиятидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ҳудудий дастурни ишлаб чиқиш жараёни билан танишди.

Хусусан, тез тиббий ёрдам бригадалари учун олис туманлар орасидаги хизмат қилиш ҳудудлари чегараларини аниқ белгилаш, поликлиникаларда 24 соатлик навбатчилик постларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.