Тошкентда Россия тиббиёт университети филиали очилади

0

Тез орада Ўзбекистон пойтахтида Н. И. Пирогов номидаги Россия Миллий тадқиқот тиббиёт университети (РНИМУ) филиали очилади. Бу ҳақида Россия университети вакиллари Sputnik мухбирига маълум қилишди.

«Ҳозирда университетнинг Тошкент шаҳридаги филиали лицензиялаш жараёнидан ўтмоқда. Лицензия олишимиз биланоқ биз талабаларни қабул қилишни бошлаймиз», деди университетнинг қабул комиссияси ходими Антон Елисеев «Таълим ва касб 2022» кўргазмаси доирасида.

Елисеевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ўзбеклар орасида энг оммабоп тиббиёт йўналишлари бу – умумий тиббиёт, стоматология ва педиатриядир.

Эслатиб ўтамиз, бир йил олдин Россия ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирликлари Тошкентда Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети филиалини ташкил этиш бўйича келишиб олган эди.

Н. Пирогов номидаги Россия Миллий тадқиқот тиббиёт университети шифокорлар, фармацевтлар ва клиник психологлар тайёрланадиган миллий илмий тадқиқот марказидир.

Ўзбекистон Россия олий ўқув юртлари филиаллари сони бўйича етакчи республикалардан биридир. Бугунги кунда Ўзбекистонда Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Менделеев номидаги Россия кимё-техника университети, Гертсен номидаги давлат педагогика университети, ВГИК, МИСиС, МИФИ ва МГИМО филиаллари ишламоқда.

Шунингдек, йил бошида Россия таълим муассасаларидан 44 нафар мутахассис Тошкентга келиб, Россияда олий таълим олишни хоҳловчилар билан суҳбат ўтказди.

Шу билан бирга, Россия томонидан ўзбекистонлик талабалар учун ажратилаётган бюджет ўринлари сони йилдан йилга ортиб бормоқда: 2020 йилда Россия олий ўқув юртлари 228 та, 2021 йилда эса 430 та ўрин ажратган, янги ўқув йилида эса бу кўрсаткич деярли икки баравар кўпаяди.