Республика бўйлаб “Маънавият фестивали” ўтказилади

0

Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Маънавият фестивали”ни ўтказиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир республикамиз вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида 2-маротаба ташкил этилмоқда. Фестивал доирасида ўтказиладиган тадбирлар ҳамда уни ташкил этишда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган дастурда ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий ҳолат ва қадриятлари ҳисобга олинди.

Республика бўйлаб “Маънавият фестивали” ўтказилади

Фестивал давомида “Маърифат соати”, “Оила – маънавият қўрғони”, “Аёлга эҳтиром”, “Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри”, “Зиёлилар форуми”, “Инсон қадри”, “Зукко болажон”, “Театрлар ҳафталиги”, “Маърифат тур”, “Меҳр-мурувват ва саховат” лойиҳалари ташкил этилади.

“Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари!” мавзусида конференция, китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Маърифат улашиб”, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” акциялари, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, “Маърифат соатлари” ҳам бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, “Миллий қўшиқлар ва мақом”, “Ватан мадҳи”, “Бахшилар тараннумида” номли концерт дастурлари, “Оила – маънавият қўрғони” номли психологик суҳбатлар ҳамда “Маърифат зиё” платформаси тақдимоти бўлиб ўтади.

Мазкур фестивалда 18 та лойиҳа доирасида 252 та маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши ва 3 миллионга яқин аҳолини қамраб олиш кўзда тутилган. Тадбирлар жорий йилнинг май ойидан бошланиб, йил якунига қадар давом этади. Фестивал Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилади.

Республика бўйлаб “Маънавият фестивали” ўтказилади

“Маънавият фестивали” тадбирларида кенг тарғибот ишларини амалга ошириш учун барча вилоятлар, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон республикасидан 500 нафарга яқин педагоглар, профессорлар, ҳуқуқшунослар, психологлар, санъат ва маданият ходимларидан иборат фаол тарғиботчилар гуруҳи иш олиб боради.