Ана бўлмаса! Шифокорлар хатоси сабаб аёл қорнида салфетка қолиб кетган ва…

0

Андижон вилояти Асака туманида бемор қорнида операция вақтида қолдириб кетилган салфетка 10 ой ўтиб, жарроҳлар томонидан олинди. Ҳолат бўйича туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 5 октябрь куни Асака тумани “Ғанчаюз” МФЙ Ғанчаюз кўчасида яшовчи Ў.Д.ни туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 2-сонли туғруқ уйига “Ҳомиладорлик-1, туғруқ 0, 39 ҳафта 4 кун. Қоғоноқ пардасини туғруқдан олдин ёрилиши” ташхиси билан шифокор акушер-гинеколог Ф.Ҳусанова ва доя Солиевалар қабул қилиб олган.

Муайян туғруқ жараёни бўлмаганлиги сабабли назорат олиб бориш мақсадида хаста ҳомиладорлар бўлимига ётқизилган. Режа асосида лаборатор ва инструментал текширувлар ўтказилган. Кузатув давомида аёлнинг ҳолати қониқарли (ҳомила ҳаракати мавжуд, юрак уриши хар дақиқада 142 зарба) деб баҳоланган.

Хабарда айтилишича, 7 октябрь куни аёлда муайян туғруқ жараёни бошланганлиги сабабли “Ҳомиладорлик 1, 39 хафта 6 кун, туғруқнинг 1-даври латент фазаси, камқонлик ўрта оғир даража, қоғоноқ пардани туғруқдан олдин ёрилиши” ташхиси билан туғруқ ўтказиш режаси тузилган. Шу  куни соат 17:30 да туғруқ бўлими шифокорлари И.Раҳмонбердиева, М.Мухторова томонидан консилиум ўтказилиб, “Ҳомиладорлик 1, 40 хафта, туғруқнинг 1-даври актив фазаси, камқонлик ўрта оғир даража, қоғоноқ пардани туғруқдан олдин ёрилиши” ташхиси қўйилган. Шунингдек, портограмма юритиш, назорат белгиланган. Соат 21:30 да аёл ҳолати қониқарли бўлиб, тўлғоқ кузатилиб, бачадон бўйинчасини очилиши самарасиз, ҳомила юрак уришида тахиаритмия кузатилган бўлиб, унинг сони ҳар дақиқада 178 зарбани ташкил этган, оҳанглари бўғиқлашган. Шу ҳолатдан келиб чиқиб, “Ҳомиладорлик 1, 40 хафта, туғруқнинг 1-даври актив фазаси, ҳомиланинг номуайян ҳолати (ишончсиз), қоғоноқ парданинг туғруқдан олдин ёрилиши, камқонлик ўрта оғир даражаси белгиланган.

Шундан сўнг аёлнинг оила аъзолари билан суҳбат олиб борилиб, жарроҳлик муолажасига ёзма розилик олинган. Жарроҳлик муолажаси кесерча-кесиш усулида ўтказилган. 7 октябрь куни соат 21:48 да жинси ўғил, вазни 3600 гр. бўлган тирик чақалоқ туғилган. Жарроҳлик амалиёти СМА оғриқсизлантирилиши йўли билан амалга оширилган. Асоратлар кузатилмаган. Жарроҳликдан сўнг бемор интенсив кузатув олиб бориш хонасига ўтказилиб, инфузион, антибактериал терапия олиб борилган. 12 октябрь куни Ў.Д.гa қониқарли аҳволда тирик чақалоқ билан 10-ОП шифокор ва патранаж ҳамшираси назорат олиб бориш тавсияси билан уйига кетишга рухсат  берилган.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 16 август куни Асака туман ШТЁБ бўлимига ўткир битишмали ичак тутилиши ташхиси билан Ў.Д. ётқизилган. Бемор зарурий лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтказилиб, зудлик билан операцияга олинган. Ташхис вақтида беморнинг ингичка ичагига  ёт жисм тиқилиб қолганлиги аниқланган. Ёт жисм олинган ва  у салфеткалиги аниқланган, ичак жароҳати тикилган.  Чувалчангсимон ўсимтаси иккиламчи яллиғланганлиги учун олиб ташланган. Операциядан кейинги давр тинч ўтган.
Бемор 2021 йилнинг 20 август куни қониқарли ҳолатда режали жарроҳлик бўлимига ўтказилган. 28 август куни бемор қониқарли ҳолатда уйига кетишга рухсат  берилган.
Бугунги кунда фуқаро Ў.Д. ва унинг фарзанди амалий соғлом, саломатлиги бўйича ҳеч қандай шикоят ва эътирозлари йўқ. Ташхис вақтидаги олинган видеоёзув келгусида шифокорлар орасида ташхис вақтида бундай қўпол хатоларга йўл қўймасликлари, шифокорларни ҳушёр  бўлишлиги учун олинган ва номаълум шахс томонидан тарқатиб юборилган, дейилади хабарда.