Бельгия вирусологлари маймунчечакдан ҳавотирга тушишмаяпти…

0

Бельгияда маймунчечак билан касалланган тўртинчи ҳолат тасдиқланди. Шу кунларда Валлонияда даволанаётган беморнинг касаллиги шу ой бошида Антверпен шаҳрида бўлиб ўтган фестивалга алоқадордир.

Яна иккита маймунчечак юқтириш ҳолати ҳам ушбу ҳодиса билан боғлиқ. Левен университети вирусологи Марк Ван Ранст ушбу тадбирга ташриф буюрганларнинг барчасини ҳушёр бўлишга ва касаллик белгилари пайдо бўлса, энг яқин тиббий муассасага боришга чақирди.

Яна бир вирусолог Пиет Маеснинг айтишича, Бельгияда маймунчечакнинг катта тарқалишидан хавотирланишга асос йўқ. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 1981 йилгача давом этган чечакка қарши эмлаш натижасида 50 ёшдан ошганлар иммунитетга эга. Бошқалар учун хавф жуда паст.

«Дунёда бу касалликнинг бир неча эпидемияси мавжуд. Конгода одатда йилига бир неча мингга яқин касаллик ҳолатлари қайд этилади, аммо Европада вирус истисно ҳолларда пайдо бўлади. Бу, айниқса, қизиқарли илмий ҳодиса, аммо ташвишланиш шарт эмас. Чечак – жиддий касаллик, аммо ваҳимага асос йўқ», – дейди В. Маес.

Ёшлар учун эмлаш бир вақтнинг ўзида содир бўлиши мумкин, аммо уни бошлаш учун ҳали ҳеч қандай сабаб кўзга ташланмаяпти.

Бельгиялик вирусологнинг таъкидлашича, эмлаш фақатгина касалланишлар сони экспонент равишда ўсиб бораётган тақдирдагина керак.

Маълумот учун, Исроил ва Швейцарияда маймунчечак юқтиришнинг биринчи ҳолатлари тасдиқланди. Бугунги кунда касаллик аниқланган мамлакатлар сони 14 тага етди. Ҳар икки мамлакатда ҳам касалликни биринчи юқтирганлар яқинда хориждан келган.

Исроилда инфекциянинг бир нечта ҳолатлари ўрганилмоқда. Маймунчечак Марказий ва Ғарбий Африкада кенг тарқалган. Ушбу ҳудуддан ташқарида патоген кўпинча у ерда бўлган одамлар ва ҳайвонлардан юқади. АҚШ, Канада, Австралия ва Европада маймунчечакнинг янги ҳолатлари ўрганилмоқда.

АҚШ, Канада, Испания, Португалия, Буюк Британия, Франция, Италия, Швеция ва Австралия расмийлари ҳам ушбу ҳафтада эпидемияни тасдиқладилар.

Бутун дунё бўйлаб 80 га яқин тасдиқланган инфекция ҳолатлари қайд этилган, бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймунчечак билан касалланганликда гумон қилинган яна 50 нафар бемор ҳақида айтган, бироқ қайси давлатда эканлигини айтмаган. Ташкилот бу ҳолатлар сони ортиб бориши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Олимлар эпидемия бунчалик тез тарқалишини кутмаган эди, аммо маймунчечак одамдан одамга осонликча юқмайди.

Британия соғлиқни сақлаш хизмати маълумотларига кўра, касаллик одатда енгил ўтади ва кўпчилик одамлар бир неча ҳафта ичида тузалиб кетади.