Халқаро агентлик Ўзбекистон кредит рейтингини сақлаб қолди

0

“Standard & Poor’s” – халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини «ВВ-» (барқарор кутилма) даражасида қайта тасдиқлади, деб хабар қилмоқда Молия вазирлиги.

“3 июнь куни “S&P” халқаро рейтинг агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтинги баҳоси «ВВ-» (барқарор кутилма) даражасида тасдиқланди”, – дейилган хабарда.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон кредит рейтинги бўйича барқарорлигини қўйидагилар таъминлайди:

нисбатан мустаҳкам фискал ва ташқи захиралари мавжудлиги: ҳукумат ликвид активлари ЯИМга нисбатан 22,5 %ни, фойдаланиладиган халқаро захиралар ЯИМга нисбатан 38,8 %;

соф ташқи кредитор позицияси ва соф давлат қарзи юкининг мўътадиллиги
Кредит рейтингига (ҳозирча) салбий таъсир қилаётган омиллар:

аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми камлиги;

монетар сиёсатнинг мослашувчанлиги сустлиги;

ҳисобдорлик ва институтларнинг ривожланиш даражаси.

“S&P” ҳисоботида, шунингдек ташқи савдодаги узилишлар, пул ўтказмалари ва молиялаштириш манбаларининг қисқариши иқтисодий ўсиш ва фискал консолидацияни секинлаштириши сабабли 2022 йил учун реал ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати 3,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинган.

Шу билан бирга, агентлик томонидан Ўзбекистон ташқи иқтисодий шок ва ноаниқликларга бардош беришига ва келгуси йилларда ўсиш суръатлари (2023 йилда – 5 фоиз, келгуси йилларда – ўртача 5,5 фоиз) тикланишига ишонч билдирган.
Маълумот учун, “S&P” агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини ҳар йилда икки марта қайта баҳолайди. Баҳолаш жараёнида тегишли вазирлик ва идоралар билан республикадаги макроиқтисодий ҳолат ва амалга оширилаётган ислоҳотлар батафсил муҳокама қилинади.
Қайд этиш лозимки, 2022 йил январь-май ойларида халқаро рейтинг агентликлари томонидан 20 та мамлакатнинг рейтинг баҳоси ёки рейтинг кутилмаси пасайтирилган.