Ўрмончи ва меҳрибон инсон

0

Самарқандда ўрмончилик соҳаси билан бирозгина таниш ёки  тизим бўйича тушунчага эга бўлганлар билан гаплашиб қолсангиз Баён ака ҳақида сўз очилади. Суҳбатдош Баён аканинг  ўрмончиликдаги узоқ йиллик меҳнатлари, унинг одамийлиги, ёнидагиларга бўлган меҳр-муҳаббати ҳақида суҳбатлашишдан эринмайди.

Аслида ҳам шундай эди. Баён ака меҳнаткаш, зиммасидаги масъулиятни чин дилдан ҳис этадиган,  самимий ва соддагина одам эди. Унинг кўнгли ҳамиша ўрмонлар ҳавосидек беғубор эди.

Баён ака Хуррамов 1942 йилда Ургут туманидаги  Омонқўтон қишлоғида туғилган. Тошекент қишлоқ хўжалик институтида ўрмончилик йўналиши бўйича таҳсил олган.  Иш фаолиятини Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида  ўрмон хўжалигида бошлаган. Йўлланма билан ишга келган Баён Хуррамов бу ерда 10 йил атрофида меҳнат қилади. Устозлари ёнида ўрмон кезади, иш ўрганади.  Кейин эса Омонқўтонда меҳнат фаолиятини давом эттиради.

Баён акадага ишчанлик хислатларини раҳбарлар қадрлашган. Уни Самарқанд ўрмон хўжалиги бошқармасига ишга таклиф этишган. Бир муддат карантин инспекциясида ҳам фаолият кўрсатган. Аммо бу соҳада узоқ қолиб кетмаган. Севимли ўрмончилигига қайтиб, “Дарғом” ўрмон хўжалигида фаолиятини давом эттирган.

-Рахматли Баён бобони яхши танирдим, – дейди шу хўжадик боғбони  Жумабой Хидиров. -1990 йилларда мен рахматли Ўроқ Жамоловнинг қўлларида ўрмончи бўлиб ишлаганимда Баён бобо “Жартепа” ўрмон бўлимида эди. Баён бобо ҳаж сафарини адо этиб келгач, чамамда,  2011 йил  эди-ёв, “Даргом” ўрмон хўжалигига   директор этиб тайинланди. Ўша йилларда Чўпон ота тепалигидан янги бино қурилди. Шу ерда бирга ишладик. Чўпон отани кўкаламзорлаштиришда унинг меҳнати, ташкилотчлиги катта бўлди. Тепаликдан 5 га майдонга хар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар экиб, боғ барпо қилди. Ҳозир ушбу боғлар мевага кирган.. Сув танқислиги сабаб, боғни кўкартиришда кўп қийнчиликлар бўлганди. Аммо Баён бобо қийнчиликларни ўзига хос тарзда енгиб ўтди. Эсимда,  трактор билан  бочкаларда сув таширдик.

Баён бобо 2012 йил охирида соглиги сабаб ишдан кетди,  аммо ўзи барпо этган боққа тез-тез келиб турарди. Ҳар кўришганимизда узоқ сухбатлашардик. У киши ҳақиқий ўрмончи, ижодкор инсон эди. Агар ҳаёт бўлганларида кўплаб янгиликлар қилишига шубҳа йўқ эди. Ҳозирги кунда ҳожи бобонинг 2 нафар ўғли – Ойбек ва Маҳмуд унинг ишларини давом эттирмоқда.

Баён Хуррамов олти нафар фарзанд кўрди. Боғбон айтганидай, икки нафари ота изидан борди, ўрмончилик касбини танлади. Бошқалари ҳам ўзлари танлаган соҳаларда фаоллик кўрсатишмоқда.

Баён аканинг меҳнатлари муносиб тақдирланган. 2010 йилда у “Шуҳрат” медали билан мукофотланган. Кейин мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан кўкрак нишонига сазавор бўлди. 2022 йилнинг  18 мартида эса марҳум Баён Хуррамов “Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги  фидойиси” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Тажрибали ўрмончи Баён ака Хуррамов  меҳнат фаолияти мобайнида кўплаб ибратли ишларнинг амалга оширилишига бошчилик қилди, муносиб шогирдлар тайёрлади, бир эмас, икки нафар ўғлини шу соҳага йўналтирди. Бугун эса фарзандлар ва шогирдлар ўрмончилик соҳасининг ривожланишига муносиб ҳиссалар ини қўшишмоқда. Улар билишадики, устоз руҳи  ҳамиша ўзларини қўллаб-қувватлайди, янги зафарлар сари чорлайди.

Алимардон ХУДОЙҚУЛОВ