Анқара ўз фуқаросининг ўлими бўйича Франциядан изоҳ кутяпти

0

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги турк фуқароси Мертер Кескиннинг Франция полициясининг зўравонлик ҳаракатлари натижасида ҳалок бўлганига изоҳ берди.

“Шубҳасиз, Франция содир бўлган ушбу ҳодиса, яъни оммавий ахборот воситаларида тарқатилган, ҳибсга олиш жараёнининг сўнгги кадрларида тасвирланган ҳаракатлар қонунга тўғри келмайди. Шу нуқтаи назардан, турк фуқаросининг ўлими сабаблари имкон қадар тезроқ аниқланишини кутамиз”, — деди ТИВ матбуот котиби Танжу Билгич.

Унинг сўзларига кўра, Туркиянинг Франциядаги ваколатхоналари воқеадан хабардор бўлиши биланоқ марҳумнинг оиласи билан яқин алоқа ўрнатган. «Улар (ваколатхона ходимлари) мазкур оилага ҳуқуқий ва маънавий ёрдам беришда давом этмоқда», деди Билгич.

Дипломатнинг қўшимча қилишича, Анқара воқеа атрофидаги вазиятни кузатишда давом этади.

Аввал хабар берганимиздек, Онадўли ахборот агентлиги Туркия фуқароси Мертер Кескин Франция полициясининг зўравонлик ҳаракатлари натижасида ҳалок бўлгани ҳақидаги видеони ёйинлаганди. Ҳодиса 2021 йилнинг январь ойида Франция шимоли шарқидаги Селеста шаҳрида содир бўлган.