“МИРАНДА ҚОИДАСИ”: УНИ КОНСТИТУЦИЯГА КИРИТИШ ЗАРУРМИ?

0

Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Фарҳод ПРИМОВ Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Миранда қоидаси” ҳамда “Хабеас корпус” институтини Конституцияга киритиш бўйича таклифини изоҳлади.

— Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди, — дейди Фарҳод ПРИМОВ. — Жумладан, “Миранда қоидаси”ни Конституцияга киритиш, яъни шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шартлиги тўғрисидаги таклифнинг билдирилгани алоҳида эътиборга моликдир.
“Миранда қоидаси” дастлаб АҚШ миллий қонунчилиги ва амалиётида пайдо бўлган бўлса-да, бугун халқаро ҳуқуқнинг энг асосий мезонларидан бири ҳисобланади. Унга кўра, ҳибсга олинган шахс, ҳисбга олиниш жараёнида ҳамда сўроқ қилинишидан олдин гумонланувчи сифатидаги ҳуқуқлари қуйидаги мазмунда тушунтирилади. Яъни: “Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз берган кўрсатмаларнинг барчасидан судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, сиз давлат томонидан адвокат билан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”.
Бу тартиб-тамойилнинг асосий мақсади ҳибсга олинган шахс жиноят иши ҳамда айбловнинг моҳияти билан танишмасдан туриб, ўзига қарши гувоҳлик беришининг олдини олиш ҳисобланади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, “Миранда қоидаси” талаблари Жиноят-процессуал кодексининг бир нечта моддасида ўз ифодасини топган. Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига мувофиқ, сукут сақлаш ҳуқуқи белгиланган. Унга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас. Бошқача айтганда, миллий қонунчилигимизда сукут сақлаш ёки ҳеч қандай кўрсатма бермаслик ҳуқуқи айбсизлик презумпцияси тамойилига асосланган.
Сукут сақлаш ҳуқуқи, яъни ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатмалар беришдан бош тортиш ҳуқуқи Жиноят-процессуал кодексининг 48-моддасида қатъий кафолатланган. Ушбу модда талабига кўра, гумон қилинувчи зиммасига кўрсатма бериш, шунингдек, ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.
Жиноят-процессуал кодексининг 46-моддасига асосан, шахс ўзининг кўрсатмаларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиши ва нимада айбланаётганини билиш ҳуқуқига эгадир. Шунингдек, ушбу моддада шахсга ўзининг айбдор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмаслиги кафолатланган.
Бундан ташқари, ушбу кодекснинг 46- ва 48-моддаларига кўра, шахс, яъни айбланувчи ёки гумондор ўзига қўйилган айблов ё гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатмалар бериш ёхуд кўрсатмалар беришдан бош тортишга ҳақлидир. Шунингдек, у кўрсатмаларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига эга.
Жиноят-процессуал кодексининг 48-моддасига мувофиқ, шахс қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш, шунингдек, ҳимоячига эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Миллий қонунчилигимиз талабига асосан, агар ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилган шахснинг адвокат ёллашга имконияти бўлмаса, у давлат томонидан адвокат тайинланиши ҳуқуқидан фойдаланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Миранда қоидаси” Ўзбекистоннинг амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигида тўлалигича акс этган деган хулосага келиш мумкин. Аммо “Миранда қоидаси” Жиноят-процессуал кодексида “сочиб ташланган”, яъни тарқоқ белгиланган, аслида бу қоида яхлит тушунилсагина, амалда самарали қўлланиши мумкин. Шу билан бирга, “Миранда қоидаси” Конституция даражасиди белгиланиши лозим бўлган инсон ҳуқуқларига оид энг асосий қоида ҳисобланади. Бошқача айтганда, “Миранда қоидаси”ни Жиноят-процессуал кодексида белгилаб қўйишнинг ўзи камлик қилади. Бу қоида Асосий қонунда ифодаланиши керак ва қолаверса, Конституция халққа энг яхши таниш ва тушунарли ҳужжат ҳисобланади. Шундай экан, фуқаролар “Миранда қоидаси” бўйича ҳуқуқларини Жиноят-процессуал кодекси орқали эмас, биринчи галда, Конституция орқали билиб олишлари муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, “Миранда қоидаси”нинг Конституциямизда ифодаланиши ушбу тамойилни тўла-тўкис қўлланиши учун зарур ҳуқуқий кафолатлар яратади.