СИЛ ИРСИЙ КАСАЛЛИКМИ?

0

Туберкулёз (Сил) — юқумли касаллик бўлиб, уни кўзга кўринмайдиган майда бактериялар — туберкулёз таёқчалари қўзғатади. Кўп ҳолларда туберкулёз таёқчалари ўпкани зарарлайди. Шунингдек, мия, суяк, бўғин, буйрак, жинсий аъзолар, кўз, ичак, лимфа тугунларини ҳам зарарлаши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, туберкулёз ирсий касаллик эмас, яъни наслдан наслга ўтмайди. Фақат яқин мулоқотда бўлганлиги сабабли беморнинг оила аъзоларига касаллик юқиш эҳтимоли юқори бўлади. Бироқ касаллик ўз вақтида тўғри даволанса, бемор бутунлай соғайиб кетиши мумкин.

Юртдошларимизнинг огоҳлиги, ўз саломатлигига эътиборли бўлиши, гигиена талабларига, тўғри ва тартибли турмуш тарзига риоя этиши бу касалликка қарши курашда самарали натижа беради.

КАСАЛЛИКНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Касалликни ривожланиши организмнинг иммунитети, яъни касалликка қарши курашувчанлигига боғлиқ. Туберкулёз бактерияларини юқтирган одамларнинг барчасида ҳам касаллик ривожланмайди.

OITS хасталигида, гиёҳвандлик, кашандалик, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, вақтида дам олмаслик, меъёрида овқатланмаслик натижасида инсоннинг касалликка қарши курашувчанлик хусусиятлари сусаяди ва туберкулёз ривожланишига қулай шароит туғилади. Туберкулёзга чалинган бемор билан бир умр бирга яшаганда ҳам бу касаллик юқмаган ҳолатлар кўп учрайди. Бунда организмни кучли иммунитет асраб қолади.

USAID нинг Марказий Осиёда сил касаллигини тугатиш бўйича фаолияти (ETICA) Марказий Осиё ҳамда Ўзбекистонда дорига чидамли силни (DChS) яхшироқ аниқлаш ва даволаш мақсадида маҳаллий ҳамда минтақавий салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган.

Маълумот ўрнида, USAID халқаро тараққиёт бўйича дунёдаги етакчи агентлик ва ривожланиш соҳасида натижаларга эришиш «катализатори» ҳисобланади. USAID ўз фаолиятида Америка халқи саховатини намойиш этади ва бенефициарнинг ўз-ўзини таъминлай олиши ва барқарорлигига йўл очади.

USAID’нинг Марказий Осиёда сил касаллигини тугатиш фаолияти (ETICA) ушбу минтақадаги муассасаларнинг сил касаллиги бўйича етакчилик, бошқарув, молиялаш ва ахборот тизимлари соҳасидаги салоҳиятини кучайтириш орқали DChS’ни даволаш хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини оширишни кўзлайди.

Ушбу фаолият лабораториялар ва тиббиёт муассасалари мутахассисларининг салоҳиятини ошириш, шунингдек, дори воситалари, тегишли ускуналар ва хизматларни таъминлаш орқали силга қарши курашни амалга ошириш шароитларини яхшилайди. ETICA сил билан боғлиқ стигмани камайтириш ҳамда даволашни муваффақиятли якунлаш учун беморларни комплекс қўллаб-қувватлаш мақсадида жамоалар билан бирга иш олиб боради.

ЎзДЖТУ Медиа ва коммуникация факультети
2105- гуруҳ талабаси Тўраева Зайнаб