Маймун чечаги аниқланган мамлакатлар сони тобора ортиб бормоқда

0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, шу кунгача дунёнинг элликка яқин давлатида маймун чечаги вируси рўйхатга олинди.
Хусусан, биргина Европанинг 28 та мамлакатида 2000 нафардан зиёд беморда ушбу хавфли касаллик аниқланган.

Ҳозир кўҳна қитъанинг барча ҳудудида ўсиш тенденцияси кузатиляпти. Айниқса, Лондон, Мадрид ва Лиссабон шаҳарларида эпидемиологик вазият анча ёмонлашган.

Қолаверса, вирус Берлин ва Париж шаҳарлари ҳамда Бельгия, Нидерландия ва Италия мамлакатларида ҳам шиддат билан тарқалмоқда.

Испания сўнгги кунларда 700га яқин кўрсаткич билан Буюк Британияни ортда қолдириб, энг кўп маймун чечаги қайд этилган мамлакатга айланди. Ҳозир касалликдан асосан Мадрид шаҳри аҳолиси азият чекяпти. Бу ерда 510 кишига мазкур хасталик ташхиси қўйилган.

Лотин Америкасида эса 18 та ҳолат тасдиқланган: Бразилияда саккизта, Мексикада бешта, Аргентинада учта, Венесуэла ва Чилида биттадан.

Қолаверса, сўнгги кунларда Жанубий Кореяда икки нафар, Сингапурда бир нафар бемор маймун чечагини юқтирганликда гумонланяпти.

Буюк Британияда фаолият олиб борувчи молекуляр вирусология бўйича профессор Карлос Малукер де Мотеснинг сўзларига кўра, бу эпидемияга чек қўйиш жуда қийин кечади. Чунки вирус аллақачон кўплаб мамлакатларга тарқалиб улгурди.

Бироқ бундай шароитда хасталикни аниқлаш, кузатиш ва назорат қилиш тизимлари талаб даражасида эмас. Боз устига, инфекцияни юқтирганлар тиббиёт муассасаларига кеч мурожаат қилмоқда.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here