Ўзбекистонда зўравонлик содир этиб, ҳимоя ордери талабини бажармаганлик учун жазо чораси кучайтирилмоқда

0

Ўзбекистонда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоқ белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берди.

Маълумот учун, амалда бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоқ белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда хотин-қизларга 14 774 та ҳимоя ордери берилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 39343 тани ташкил этган. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик бўйича 1210 та ҳолат аниқланган.