Она замин имкониятлари

0

Ўғлим Зафар Абдуллаев билан «Чимқўрғонпарранда» деб номланган фермер хўжалигини ташкил этганимизга ўн йилдан ошди. Хўжалигимиз паррандачиликка ихтисослаштирилди. Товуқ боқишни эса бутунлай бошқача усулда бошладик. Қир бағрида сув чиқмайдиган, қишлоқдан анча четда бир неча бинолар қурдик.  Уларни иситиш учун табиий газдан фойдаланмадик.  Аслида у жойларда ўша газнинг ўзи йўқ эдида. Ўз кучимиз билан қазилган артезиан қудуқлардан энг оддий насослар орқали сув чиқардик. Шу билан бирга қудуқ сувидан дарахтзорлар, токзорлар барпо этишда фойдаландик.

Дастлабки йилларда  товуқ боқиш учун 3 та бино қурган эдик. Уларда 2,5 мингта аирофидаги паррандалар парваришини йўлга қўйдик. Тухум ишлаб чиқариш йўналишидаги хўжалигимиз тезда оёққа турди. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида тинимсиз изландик

2017 йил 9 октябрда мамлакатимиз Президентининг  барча фермер хўжаликларининг кўп тармоқли бўлишига қаратилган фармони, орадан бир кун ўтиб, мазкур фармоннинг ижросини таъминлашга қаратилган қарори эълон қилинди. Шунга асосан қирнинг унчалик қиялик бўлмаган қисмида томчилатиб суғориш асосида 2 гектарлик токзор барпо этдик. Айни пайтда бу токларимиз ҳосилга кира бошлади.

Лекин, токзорни ҳамда товуқларни сув билан таъминлашда бироз муаммоларга дуч келдик. Бунинг сабаби артезиан қудуқларимиз сувларинингпасайиб боришида эди. Биламизки, биз яшаётган замин остида денгиз йўқ. Аммо, Марказий Осиёда ерости сувларининг ҳажми 60 минг  км3ни ташкил қилади. Бу Амударё ва Сирдарёнинг бир йиллик оқими ҳажмига тенг. Бугунги кунга келиб бу сув заҳирасининг бир қисми сарфланиб қўйилди. Бундан англанадики, асосий умид ёғингарчиликлар сувидан тежамкор  фойдаланишга қаратилади.

Бунга қандай эришиш мумкин? Биринчи галдан артезиан қудуқлари сув сарфига тежамкорлик билан ёндошиш керак бўлади. Барча артезианчиларнинг томчилатиб суғоришга ўтишига тўғри келади. Иккинчидан, тупроқнинг намни сақлаб қолиш хусусиятини мунтазам ошириб бориш керак. Бунга эришиш тупроқдаги чириндилар миқдорига кўп жиҳатдан боғлиқ. Чунки, 1 грамм чиринди ёки гўнг ўзида  20 грамм сувни тутиб туриш қувватига эга. Демак, тупроғимизда чиринди миқдорини қанчалик ошириб борсак, сувдан шунчалик тежамкорлик билан фойдаланган бўламиз.

Тупроқда чиринди миқдорини ошириб боришнинг иккита йўли бор. Биринчиси, экинзорга гўнг чиқаришни мунтазам ташкил этиш. Масалан, биз икки гектар токзоримизга йилига 10-12 тонна парранда гўнги солишни йўлга қўйганмиз. Иккинчиси, токзор пуштасига  кузда ғалла экиб,  унинг майсасини ёки табиий ўсган майсани, йиғиштириб олмасдан шудгорлаб ташлаш керак.

Ҳар иккала усул ҳам доимий қўлланилиб борилса, катта ижобий натижа беради. Бундай ҳолатда тупроқ нафақат  ёғингарчиликлар сувини,  балки ҳавонинг тунги намини ҳам ўзига ютади, бу эса унумдорликнинг оширилишига хизмат қилади.

Айримлар ҳавонинг тунги намини тупроқнинг ютишига ишонмаслиги мумкин. Аммо бу ҳақиқат. Органик моддага тўйинган тупроқ ҳар 1 м2 юзада ҳавонинг тунги намлигидан 1,8 литр сувни ютиши аниқланган. Бунга биз ўз тажрибамизда тўлиқ ишонч ҳосил қилдик. 2020 1 июнда хўжалигимизнинг 1 гектар қир сатҳидаги бўлиқ пичанзор эҳтиётсизлик оқибатида ёниб кетди ва экинзор қалин кул билан қопланиб қолди. Ҳайратланарлиси шу бўлдики, айнан шу ерда бутун атроф қовжираб ётган  икки ой давомида , яъни, айнан саратонда ўсимликларнинг баҳорий ўсиши авж олди.

Олиб бораётган тадқиқотларимиз натижалари асосида  Инновоцион ривожланиш вазирлиги танловига лойиҳа тақдим этганмиз. Бироқ вазирлик мутасаддилари муаммонинг нақадар  долзарблигини ҳозирча эътиборга олишгани йўқ.

Муаммонинг долзарблигини англаш учун менинг назаримда, биринчи галда тарғибот керак. Аввало, юқорида қайд этилган Президент фармони ва қарорининг ҳаётга татбиқ этилишини узил-кесил таъминлаш керак. Артезиан қудуқлардан фойдпаланишда фақат томчилатиб суғориш ишларига рухсат бериш зарур.

Фермер хўжаликларининг албатта кўп тармоқли бўлиши  шарт эканлиги моҳияти замирида айнан чорвачилик ва деҳқончиликни бир-бирига боғлаш, яъни, кластерлаш орқали тупроқнинг органик ўғитга тўйинишини мунтазам ошириб бориш талаби ётибди. Биз Инновоцион ривожланиш вазирлигига тақдим қилган лойиҳамизда ёғингарчиликлар ва оқар сув ҳисобига тупроқ шўрини ювишнинг вертикал дренажини, яъни, тузни ер қаърига сингдириб юбориш мумкинлигини исботловчи тадқиқотларимизни ҳам  ёритган эдик. Бу агротехникамизнинг энг оғир муаммосига ечим эканлигига ишончимиз комил.

Ана шу борадаги олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликлар ҳақида ҳам тўхталиш ўринли деб ўйлайман. Ёғингарчиликлар суви ёрдамида  тупроқ шўрини ювишнинг  вертикал дренажини органик қишлоқ хўжалигига асосланган технологик лойиҳасини етакчи агрохимик, профессор Фарҳод Ҳошимов раҳбарлигида Инновоцион ривожланиш вазирлигига тақдим қилганмиз. Гарчи, унга ҳозиргача жавоб берилмаган бўлсада, биз тадқиқотларни давом эттираяпмиз.

Келажакдаги режаларимиз ҳам катта. Ҳеч қачон янги марраларга интилишдан тўхтамаслигимиз зарур. Масалан, ўтган йили қиримизнинг қиялиги тикроқ ерларига каврак эккан эдик. Бу ўта қимматбаҳо доривор ўсимлик. Бундан ташқари, ҳудудимизда қушқўнмас, бўймадоран каби доривор ўсимликлар ўсади. Бўймадоранни қўллаб, паррандаларнинг инфекцияларга қарши чидамлилигини ошириш мумкинлигини аниқладик ва магистрлик диссертацияси ҳимоя қилинди

Доривор гиёҳлар териб олинган пичанзор ҳисобига бўрдоқичиликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Фермамизнинг барча иморатларининг томи  2 минг м2ни ташкил қилади. Ана шу томлардан  тушадиган ёмғир сувларини махсус ҳовузларга тўплашимиз натижасида йилиги 600 м3 сув жамғаришни таъминлаяпмиз. Бизда ёғингарчилик миқдорининг йилига 300-350 ммни ташкил этишини ҳисобга олсак, тўплаётган ёмғир сувларимиз миқдори анчагина эканлиги аён бўлади.

Сўзимизнинг бошида айтганимдек, фермер хўжалигимиз паррандачилик йўналишида ташкил этилганди. Шундай экан, бизда паррандачилик доимо устувор соҳа ҳисобланади. Ўтган йиллар мобайнида соҳа ривожига жиддий эътиборимизни қаратдик, уни илмий асосда тараққий эттиришга ҳаракат қилдик. Масалан, парранда касалликлари ва уларнинг иммунопрофилактикасига доир фанда номаълум бўлган иккита феноменни ёритишга муваффақ бўлдик. Иккита докторлик диссертацияси тайёрланмоқда. Паррандачилик рентабеллигини сақлаб қолиш долзарб бўлиб бормоқда.

Энергетик харажатларнинг ортиб бораётгани, таърифларнинг кўтарилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун парранда гўнгидан биогаз олиш технологиясини йўлга қўйдик. Хитой Халқ Республикасида 2019 йилда биогаз масаласига 7,6 миллиард доллар йўналтирилганди. Аҳолига шу мақсадда 0,68 фоиздаги имтиёзли кредит берилган. Биз яратган технологиянинг амалда қўлланилиши жуда кичик муҳандислик ишига қараб қолди. Агар шу муаммо ечимини топса, хўжалигимизда арзон ва сифатли биоган ишлаб чиқаришга киришилиб кетарди.

Ғалла нархини оширишга икки марта эркинлик берилгани боис, ем қимматлашиб бормоқда. Демак, паррандачиликдан олинадиган даромад фақат тухум ёки гўштга боғлиқ бўлиб қолмаслиши керак. Шу ерда ажойиб бир имкиният ҳақида гапирай. Парранданинг гўнги бошқа гўнглардан 3-4 марта кўп азот сақлагани боис, экинзор четига қурилган товуқхона экиннинг минерал ўғитга бўлган эҳтиёжини камайтиради.  Ана шу жиҳатдан ғалла нархини 30 фоизга пасайтириш имконияти мавжуд. Бу эса ўз қўлимизда. Агарда биз ўз имкониятларимиздан унумли фойдалана олсак, бу ун-нон нархининг ошиб кетмаслигига ҳисса қўшган бўламиз.

Демак, фермер хўжаликларининг кўп тармоқлилигини, яъни, деҳқончилик ва чорвачилик кластерини яратиш қишлоқ хўжалигининг бозор иқтисодиётига ўтишда стратегик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Бу борада бажариладиган ишлар она заминимизнинг ҳали кўпчилик англамаган имкониятларини очишга, улардан фойдалана олишга хизмат қилади.

Муса АБДУЛЛАЕВ,

Иштихон туманидаги «Чимқўрғонпарранда»

фермер хўжалиги раҳбарининг маслаҳатчиси, ветеринария фанлари номзоди, доцент