Криштиану Роналду фаолиятини қайси гуруҳда давом эттириши ҳамон номаълум

0

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду ўз хизматини «Интер»га таклиф қилди.
La Repubblica нашрининг хабарига кўра, португалиялик футболчи атрофидаги яқинлари орқали нафақат «Рома», балки «Интер»га ҳам ўз хизматини таклиф этган.

«Нераззурилар» 37 ёшли ҳужумчининг таклифни рад этган. Миланликлар Роналдунинг «Манчестер Юнайтед»да оладиган йилига 20 миллион евролик маошини тўлай олмайди. Бундан ташқари, Ромелу Лукакунинг клубга қайтаётгани ҳам «Интер»нинг қарорига таъсир ўтказган.

Ҳозирда итальян клуби «Ювентус» ҳужумчиси Пауло Дибала билан шартнома имзолашни мақсад қилган.

Аввалроқ Криштиану фаолиятини «Рома»да давом эттириши мумкинлиги маълум қилинганди. Кейинчалик «Бавария» ҳам уни ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилиши ҳақида хабар берилганди. Аммо мюнхенликлар спорт директори Ҳасан Салиҳамижич миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб ўтди.

Роналду 2021/22 йилги мавсум манкунианликлар сафида барча мусобақаларда 39 та ўйинда майдонга тушиб, 24 та гол ва 3 та голли узатмани амалга оширди.