1 июлдан иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақлари оширилади

0

Қонунчиликка кўра, жорий йил 1 июлдан соҳаларда бир қатор ўзгаришлар кутилмоқда.

Жумладан, 2022 йил 1 июлдан автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинади. Олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади. Ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кўп бўлмаган енгил машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби бекор бўлади. Шунингдек, 10 йилдан 15 йилгача бўлган енгил машиналар – 2 йилда, 15 йилдан ортиқ бўлганлари эса 1 йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.

Олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 500 баробаридан (150 млн сўмдан) ошмаган миқдорда қоплаб берилади. Олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз 3 йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.

Ҳар йили республика аҳолисини вирусли гепатит «В» ва «С» турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит «С» тури билан касалланган беморларни даволаш 10,5 минг нафаргача етказилади.

Вирусология илмий-тадқиқот институтида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг (донорларнинг) қон плазмаси банки яратилади. Нодавлат тиббиёт ташкилотлари қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган ходимлар гепатит «В» инфекциясига қарши эмланади. Ҳар йили кенг тарқалган вирусли инфекциялар муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга танловлар асосида маблағлар ажратилади.

Шунингдек, қонунчиликка кўра, 2025 йил 1 январгача касаначиларга даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, 1 ойда кўпи билан 1 миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади. Касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади.

Олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда (жами 252 та) касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга дастлабки 3 ойдаги фаолияти учун 1 ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

Давлат музейларига соат 22:00 гача хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

Болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун «тиббиёт бригадалари» таркибига қўшимча 3 минг 600 та, 2023 йил 1 январдан яна қўшимча 4 минг 900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.

Иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақлари малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда оширилади. Халқаро экспертлар иштирокида ўқитувчи ва шифокорларга малака тоифаларини бериш тартиби тубдан қайта кўриб чиқилади. Жорий йил 1 июлдан «оилавий шифокор» йўналиши бўйича мустақил фаолият амалга оширишга рухсат берилади.