11 ёшли қизга гап отган руҳий хаста йигит қизнинг отаси томонидан калтакланди. Аммо йигит…

0

Ижтимоий тармоқларда Бухорода эркак қизига гап отган ногирон йигитни ургани тўғрисидаги видеолар тарқалди. Видеода ожиз қолган йигитни тепкилаётган эркак тасвири ва аёлларнинг унга қарши бақираётгани акс этган. Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Дарё»га маълум қилишича, қизга гап отган йигит ақлан заиф бўлган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан кечиктириб бўлмас тезкор-суриштирув ишлари олиб борилган.

Тезкор-суриштирув ишлари натижасида фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилган. Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрида яшовчи 11 ёшли К.Н. исмли қиз ўзи ҳар кун қатнайдиган шаҳар марказидаги тайёрлов курсларидан бирига 15 дақиқа кечикиб келган. У йиғлаган ва қаттиқ қўрққан ҳолатда бўлган. Репетиторлар сўраб-суриштиришганда, қиз унга бир йигитнинг гап отгани, беўхшов қилиқлар қилгани ва ундан қўрқиб қочиб келаётганини билдирган. Зудлик билан тайёрлов курсига қизнинг ота-онаси чақирилган. 11 ёшли қизга шилқимлик қилмоқчи бўлган йигит ҳам ўша атрофда юрган бўлган.

«Қизнинг отаси фарзандини қўрқитган йигитнинг ақли заифлигига ҳам эътибор қилмаган ва жаҳл устида уни тепкилаган. Аёлларнинг бақир-чақирлари ва ногирон болани тепкилаш ва калтаклашдан тўхташи ҳақидаги гаплари ҳам қизнинг отасини жаҳлдан туширмаган», – дейди Шуҳрат Жалолов.

Шуҳрат Жалоловнинг сўзига кўра, калтакланган ва тепкиланган йигит руҳий хаста бўлган.

«Йигитнинг Ғиждувон туманидан экани аниқланди. Ота-онасининг айтишича, руҳий хасталиги учун рўйхатда туриб келаётган йигит бир неча кун илгари уйдан қочиб кетган. Ота-онаси уни излаш учун энди ички ишлар органларига хабар беришмоқчи бўлишганини билдиришди», – дейди Шуҳрат Жалолов.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.