Илон Маск Ватиканда Рим папаси билан учрашди

0

Маскнинг твитига қараганда, учрашув 1 июль куни бўлиб ўтган. Унда бизнесмен билан бирга саккиз фарзандининг тўрт нафари — 18 ёшли Гриффин ҳамда 16 ёшли Дамиан, Кай ва Саксон қатнашган.

Италиянинг La Repubblica газетаси хабарига кўра, дунёнинг энг бой одами ва унинг фарзандлари Францискнинг ёнига шахсий ташриф билан келган. Учрашув Ватикандаги Авлиё Марфа уйида бўлиб ўтган ва қарийб 40 дақиқа давом этган. Бу вақт мобайнида понтифик ва миллиардер, шу жумладан, «атроф-муҳит муаммолари ва инсоният келажаги»ни муҳокама қилган. Учрашув ҳақидаги бошқа тафсилотлар келтирилмаяпти.

Reuters қайд этишича, 21 июндан буён Илон Маск ўзи сотиб олишга уринаётган ижтимоий тармоқ — Twitter’га ҳеч нарса ёзмаган. 1 июль куни у Twitter’га кетма-кет постлар билан қайтиб келган, улар орасида Рим папаси билан олинган сурат ҳам бўлган.

Май ойида бизнесмен Twitter’ни сотиб олиш бўйича битим ижтимоий тармоқдаги фейк ва спамли аккаунтлар сони ҳисоблаб чиқилаётгани туфайли рўхтатиб қўйилганини эълон қилганди. Шундан кейин компания акциялари дастлабки савдоларда 20 фоиздан кўпроққа тушиб кетди.